Фарғонада мактаб ўқувчиси 5 ёшли болани отиб қўйди

Фарғонада мактаб ўқувчиси 5 ёшли болани пневматик қурол билан отиб қўйди. Бу ҳақда Zo’rTv телеканалининг Bu kun дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, воқеа Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги «Карнайчи» маҳалласида юз берган.

Аниқланишича, Абдуллоҳ исмли 5 ёшли болакай уйининг ёнидаги чорва моллари парвариш қилинадиган хўжаликда ишлайдиган дадасини овқатланишга чақириш учун унинг олдига борган.

Боланинг онаси сўзларига кўра, гумонланувчи мактабнинг 7 ёки 8-синф ўқувчиси бўлган. У қуролнинг ўқланганидан бехабар ҳолда болага ўқталган.

Шифокорларнинг хабар беришича, операция жараёни 5 соат давом этган.

«Пневматик қуролнинг ўқи чап ўпкадан ўтиб, юракнинг чап қоринчасига кириб қолган. Юракни тўлиқ тўхтатган ҳолда ўқни олиб ташладик. Ҳозирда боланинг аҳволи яхши», – дейди шифокор.

Ҳозирда мазкур ҳолат Қўштепа тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда ўрганилиб, терговга қадар текширув ишлари давом этаётгани маълум қилинган.