52 нафар Ўзбекистон фуқаролари 1 кун давомида Дубай халқаро аэропортида қолиб келган

Жорий йилнинг 16 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларида кучли жала қуйиши, сув тошқини юз бериши оқибатида Дубай халқаро аэропорти ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

Халқаро аэропорт ҳудуди ва учиш-қўниш йўлаклари сув остида қолгани туфайли ички ва халқаро самолётлар парвози кечиктирилди ёки тўхтатилди. Айрим самолётлар Амирликларнинг бошқа аэропортларига йўналтирилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Дубай халқаро аэропортида қолиб кетган фуқароларимизга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида аэропортда бўлишди.

Ватандошлар билан бўлиб ўтган суҳбат давомида маълум бўлишича, 2024 йил 16 апрель куни “Дубай – Тошкент” йўналиши бўйича парвозни амалга ошириши керак бўлган “Centrum Air” авиакомпанияси самолётининг учиши ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинган. Ушбу ҳолат натижасида 52 нафар Ўзбекистон фуқаролари 1 кун давомида Дубай халқаро аэропортининг кутиш залида қолиб келган.

Ҳамюртларимизни Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ масалаларни ўрнатилган тартибда ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонаси, “Uzbekistan Airways” ва “Centrum Air” авиакомпаниялари вакиллари Дубай халқаро аэропорти мутасаддилари билан учрашув ўтказдилар.

Музокаралар якунида “Centrum Air” компанияси йўловчилари бўлган юртдошларимизни “Uzbekistan Airways” компанияси самолётида Ўзбекистонга жўнатиш тўғрисида келишиб олинди. Бортида ҳамюртларимиз бўлган “Дубай-Тошкент” йўналишидаги самолёт 17 апрель куни соат 22:30 да Ўзбекистонга учиб кетди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ноқулай об-ҳаво сабабли аэропортда қолиб кетган ҳамюртларимизга Бош консулхона томонидан озиқ-овқат ва бошқа турдаги зарур маҳсулотлар тарқатилди