2 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хидоятов уйни сақлаш бўйича тўловлардан қарзи бор хонадон эгаларини энергияси таъминотидан узиш режасига изоҳ берди.
Бундай тажриба эксперимент тариқасида Навоий вилоятида (президентнинг 2023 йил 15 августдаги қарорига асосан) ўтказилиши режа қилинмоқда. Хонадонларни электр энергиясидан узиб қўйиш кўп қаватли уйнинг умумий мулкини сақлаш, фойдаланиш, уни таъмирлаш ва туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадал ва тўловлар («квартплата»)дан қарзи борларга қўллаш кўзда тутилган.
«Нега Навоий шаҳри танланди? Республикамизда фақат Навоий вилоятида бошқа жойларга қараганда одамларнинг тўлови тартибли, 100 фоиз бўлмаса ҳам ўз вақтида тўлаш фоизи юқори», — деди Шерзод Ҳидоятов.
«Масалан, битта кўп қаватли уйда 50 та хонадон бўладиган бўлса, шундан 40 таси ўз вақтида тўласа, лекин қолган 10 та хонадон тўламагани учун 40 та хонадон эгалари нима учун бу хизматдан фойдалана олмаслиги керак? Ҳамма ўз вақтида тўлаши керак, деб ўйлайман. Мана, бугунги кунда бу тажрибалар жуда яхши самара берди. Мисол учун, тўлов ўз вақтида бўлмаса, электр энергияси онлайн ўчади, газ ҳам худди шундай…Биз кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолимизга ҳам хизмат кўрсатишни, ҳам чиқиндиларнинг тоза бўлишини хоҳлаймиз, лекин тўлов деган жойида кўп масалалар келиб чиқяпти», — деди у.
Вазир биринчи ўринбосарининг айтишича, янги — биллинг тизими аллақачон ишлаб чиқилган, «Ҳудудий электр тармоқлари» тизими билан ҳам интеграциялашган. Тизим энергетика тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, депутатлар томонидан қабул қилиниши ва президент томонидан имзоланганидан кейингина кучга киради.