Лойиҳа ғолиб деб топилганидан сўнг кенгаш томонидан мажбурий равишда овоз тўплаган деб ҳисобланиб рад этилса, унга ажратилиши лозим бўлган маблағлар доирасида кейинги ўриндаги лойиҳа ғолиб деб эълон қилинади.
Шунингдек, ғолиб лойиҳалар аниқлангандан сўнг Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан кейинги ўринлардаги лойиҳаларни қўшимча тарзда ғолиб деб эълон қилиш ваколати берилади.
Бунда, тегишли Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари жамғармага маблағлар ўтказилгани ҳамда қўшимча ғолибларни аниқлаш юзасидан ваколатли органга овоз бериш жараёни якунланган кундан бошлаб 10 кун ичида мурожаат юбориши лозим.
Жамғарма ҳисобидан лойиҳага ажратиладиган маблағ тегишли мавсум ўтказилган ҳолатга амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробари (1 миллиард 360 миллион сўм)дан ошиб кетмаслиги лозим. Лойиҳа қиймати ушбу миқдордан ошган ҳолларда қўшимча талаб этиладиган маблағ туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан тегишли Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашининг қарорига асосан қоплаб берилиши мумкин.
– Бу жараёнда камчиликлар кузатилганда қаерга мурожаат қилиш керак?
– Низом билан жамоатчилик назорати доирасида фуқаролар лойиҳалар ижросини кузатиб бориш орқали қонунбузилиши ҳолатлари ёки камчиликлар кузатилганида шикоят тарзида портал орқали “Фавқулодда хабар” қолдириши мумкин.
Ушбу хабар порталда тегишли ҳудуд саҳифасида муаммоли ҳолат сифатида акс эттирилади ва ташаббускор томонидан кўрсатиб ўтилган важларга аниқлик киритилиб, хабарда кўрсатилган ҳолат бартараф этилмагунга қадар порталда назоратдан олинмаслиги белгиланди.
Тўлиқ якунланган лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга топширилади.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар, аввало, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудлардаги масалаларни ҳал этишда уларнинг ролини янада оширишга йўл очади. Бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтиришни таъминлаш ҳамда ташаббусли бюджет жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадларига хизмат қилади.