Жорий йилнинг 11 март куни к Бухоро шаҳридаги “Талипоч қалъа дарвозаси” чап томонидаги қалъа деворининг бир қисми қулаб тушди. Маданий мерос агентлиги айтишига қараганда бунга ҳафта давомида Бухорода ёмғир ёғгани сабаб бўлган.
Кеча, 12 март куни Бухоро вилоят ҳокимяти, Маданий мерос бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Бухоро минтақавий реставрация маркази, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси масъул ходимлари ва бошқарманинг махсус эскспертларидан иборат Жамоатчилик Илмий маслаҳат кенгаши аъзолари жойида ҳодисани ўрганиб чиққан.
Ўрганиш натижасида, XVI асрга тегишли “Талипоч қалъа дарвозаси” 2003 йилда қайта тиклангани, ўтган йиллар давомида қалъа атрофидаги деворнинг чап қаноти ортидаги маданий қатламларнинг чўкиши, қоплама деворларида ёриқлар пайдо бўлиши ҳамда жорий йилнинг март ойида кузатилган доимий ёғингарчилик деворнинг чўкиши ва қулаб тушишига олиб келгани аниқланган.