Монополия сабаб, қарашларимни ўзгартирдим

Бу гапларим бироз баландпарвозроқ туюлиши мумкин. Аммо одамзот ўз бошига бирор юмуш тушмагунча, муаммо билан ўз ҳаётида шахсан тўқнаш келмагунча – холис хулоса ясай олмас экан.


…Хуллас калом, узун гапнинг қисқаси, уй таъмирлатмоқчи бўлдим. Чўзиб нима қиламан, бу каби серзаҳмат юмушнинг югур-югурлари-ю ташвишларини – бошидан ўтказган одам яхши билади. Эшик-деразаларни янгилатмоқ бўлиб, талай танловлар-у “прайс-бозлик”лар билан, янги деразалар олиш учун “Imzo”га тўхталдик (аслида фақат қайси жойда нисбатан чегирмаси борлиги-ю, қиладиган хушмуомаласини ҳисобга олмаганда, бошқа танловнинг ўзи йўқ Ўзбекистонда).


Бугун оҳанжама қилиб, “шоу-рум” аталмиш “кўз-кўз хона”лардан бири, яъни пойтахтнинг Лабзак даҳасидаги шундоқ жойда – чўнтакбопроқ пластик ром турини танлаб, пулини олдиндан, 100 фоиз нақд тўладик ҳамда ваъда қилинган “15 иш куни”ни тоқат билан кута бошладик.
Бу орада фавқулодда совуқ тушиб қолгани боис, ўша зорманда “15 иш куни”нинг қандоқ ўтганини – ўзим билдим, уйдаги ётиб қолиб ишлаётган усталар билди. Эски ромлар ечиб олинган эмасми, тўрт томондан бостириб келаётган совуқ ва изғирин бечораларнинг бўларини бўлдирди, ҳаммаси “пиқиллаб” шамоллаб қолди.


Бу орада анави – биз билан “шартнома” тузган (аслида, бу “пихини ёрган”ларда ҳеч қандай расмий шартнома бўлмайди ўзи) “офис”дагилар билан лоф бўлмасин-ку, кунда 3-4 бор, ромлар тайёр бўлган-бўлмаганини суриштириб, гаплашаман, вазиятни тушунтираман. Қани энди бирор наф бўлса, денг. Гоҳ завод жавоб бермаяпти, деб қутулади, гоҳ қўнғироқ қиламан, деб, кунлаб йўқолиб кетади, гоҳ “Ока, натижа бўлишиминам ўзуза тилпон қиловуз”, дея одамнинг тоқатини тоқ қилади.

Натижа – ваъда қилинган кундан ҳафталаб ўтиб кетса-да, ҳануз ўша буюртма қилганим ромлар – ҳаттоки қайси босқичда тайёр бўлган-бўлмаганиниям билмайман. Буёғига қанча кутишимниям Худо билади. Шўрлик усталарим. Бугунам “Барака топкур, ўзи қачон тайёр бўларкин, шуни билмоқчиман”, деб сўрасам, без бўлиб, “Ока, бугун шанби, зовуд ишламасакан, соволизга душанби куни жовоб олас!”, деса бўладими.


Қаттиқ жаҳлим чиқди. Ичимда “Ўзинг аслида бир монопол корхона бўлсанг, ўзингдан ўзга рақобатчини – отнинг калласидек бож ёҳуд бошқа тўловларни қўйиб, мамлакат сарҳадидан берига йўлатмасанг. Шундоқ бўлгач, жилла қурса, қақшатиб пулини олганинг – истеъмолчиларнинг талабини вақтида қондириб қўй, номард!”, дегим келди. Аммо бу додимни бағри кенг “Фейсбук”дан ўзга қаергаям айтардим…


Гапни чўзмай, муддаога ўтсам. Очиғи, шахсан ўзим шу пайтга қадар – азбаройи миллий ғурур, иқтисодий мустақиллик деган ватанпарвар туйғулар таъсирида – ЕврАзЭС деган ташкилотга қўшилишимизга буткул қарши эдим. Аммо хулосалар, ўз ичингдан ўтказганингда, ўзгаравераркан. Энди ўйлаб қарасам, ўша ташкилотга аъзо бўлсак, зора мана бунақа монопол, бутун бошли мамлакат иқтисодиётини – “катта холасининг чорбоғига айлантирган” корчалонларга муносиб рақобатчи пайдо бўлиб, “патагига қурт тушиб қолармиди!..”


Сиз ҳам, муҳтарам FBдош, “Биргина ўзгинанг дуч келган муаммо сабаб, бунақа катта кетма, калта ўйлама!”, дейишга шошилманг. Одатда барча катта муаммолар – мана шунақа майда-чувда ташвишлардан бошланаркан. Бунга ўзим амин бўлдим. Демак, тўғри англаганингиздек, шу пайтгача ёқлаб келган қарашимни ўзгартирдим. Аниқроғи, мажбур шунга бўлдим!..


Сўзимнинг охирида эса яна бир гап.
Э-э, жаноб “Imzo”нинг асл Каттакон эгаси! Сиз энди бир жайдари гапга ҳам қулоқ беринг: “Мош сиғмаган жойга ловияни тиқмайдилар” – шунчаки сиғмайди ва ёхуд ўша жой қонаб, чок-чокидан ситилиб кетади…


Бор гап шу. Энди менга рухсат. Йўқ-йўқ, “такси чақирманг”, ўзим етиб оламан. Ўзингизга буюрсин…

Facebookдан олинди