Аи-80 маркали бензин нархи йил бошидан бери қанча миқдорда ўсгани маълум бўлди

Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг бошидан буён АИ-80 маркали бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 700,2 минг сўмдан 9 302,8 минг сўмгача, яъни 63,2% га ўсган.

Биржа савдоларига қўйилаётган мазкур маркали бензиннинг аксарият қисми, яъни 84% Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади. Кўриб чиқилаётган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 70 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 005,0 минг сўмни ташкил қилди. Бу тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинган.  Ўтказилган очиқ биржа савдолари натижасида АИ-80 маркали бензинининг бошланғич ва биржа нархлари ўртасида тафовут ўртача 1% дан ошмаган. Яъни бензин биржа савдолари давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган. Шу билан бирга, нархларнинг кўтарилиши жаҳон биржаларида ҳам кузатилмоқда.

Хусусан, Brent маркали нефтнинг жаҳон бозорлардаги нархи жорий йилнинг бошига нисбатан ўртача 60-70 фоизга ўсган. Ўз навбатида, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси савдо ташкилотчиси (оператори) сифатида бензин бозорида шаклланаётган ҳолатни мунтазам равишда ўрганиб бормоқда.

Биржа томонидан ўтказилган таҳлиллар натижаси ва бензин бозорида нархларни барқарорлаштириш бўйича таклифлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилмоқда.