Нега бутун дунё АЭСлардан воз кечаётган бир пайтда бизда қуришга ҳаракат қилинмоқда?

Бир неча йилдан буён АЭС ( қурилиши аҳоли орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти. Маълумотларга қараганда, 2022-йилда қурилиши режалаштирилган стансиянинг қиймати 11 млрд доллар эканлиги айтиляпти. Энергетиканинг етакчи мутахассислари фикрига кўра, электр энергияси билан боғлиқ реал муаммолар кўлами анчайин катта. АЭС қурилиши натижасида келиб чиқиши ҳозирча фақат тахмин бўлган муаммоларнинг эса ечимини топиш мумкин.

Бироқ бутун дунёда энг арзон электр манбайи АЭС бўлишига қарамасдан, Ўзбекистонда электр олишнинг бу усулига нисбатан қўрқув мавжуд. Чунки жамоатчилик орасида АЭС қурилишидан хавотир борлигига етарлича сабаблар бор.

АЭС нима учун “қўрқинчли”?

Атом энергетикасини тижорат мақсадлари учун йўналтириши аслида 1940 йиллардаги ҳарбий саноатни ривожлантириш консепсияси юзасидан келиб чиққан ножўя оқибатдир.
Гарчи ўша йиллари атом энергетикасининг ўта арзон энергия манбаи сифатида кўрилган истиқболлари олимларда жуда катта оптимизм уйғотган бўлсада, бироқ кўп ўтмай, 50 йиллар бошидаёқ атом энергетикаси обектларининг қурилиш ва эксплуатация масалаларидаги мислсиз харажатлар туфайли бу соҳа анъанавий энергетика соҳалари билан иқтисодий рақобат қила олмаслиги маълум бўлган.

Шу сабабли атом энергетикасининг ривожланиши ҳеч бир истисносиз равишда дунёнинг барча давлатларида ва ҳаттоки иқтисодий қудратли мамлакат бўлмиш АҚШда ҳам ҳукуматнинг муттасил кўмагига ва йирик субсидияларга муҳтож бўлган.

Боз устига, атом электр стансиялари қурилиши ҳажмининг ортиши ҳам умумий кўламдаги тежамкорликни тақдим қила олмади. Аксинча, атом электр стансиялари сони ошгани билан улар ишлаб чиқарган ҳар бир киловатт электр энергиясининг нархи ҳам ошиб бораверди (бунинг мантиғи жуда оддий: янги АЭС қурилгач, унга сарфланган харажатларни қоплашга киришилади). Ваҳоланки, одатда, у ёки бу технология мукаммал бир нуқтага етгач, унинг маҳсулотлари ёки хизматлари нархи пасая бошлайди.

Бироқ атом энергетикаси билан бу қоида иш бермаган. АЭС ишлаб чиқарган электр энергияси нархи муттасил равишда, фақат ошган.
Мамлакатларнинг ўша даврларда АЕСларни қуришига асосий сабаб, уларнинг аксарияти ҳудудида газ ва нефт захираларини йўқлиги бўлган (Япония, Франсия, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия ва бошқалар). Бугунга келиб мутлақо хавфсиз АЭСларни яратиш имкони умуман йўқлиги сабабли ва атом энергиясининг қимматлиги ва АЭСларни ўта хавфли экани учун аксарият давлатлар атом энергиясидан бутунлай воз кечмоқда.

АЭСлардан воз кечган Италия, уларни бузиш учун 100 млрд евро ажратган Германия

Ҳозирда 31 давлат атом электр стансияларидан фойдаланмоқда. Италия барча мавжуд атом электр стансияларини тўхтатган ва атом энергиясидан бутунлай воз кечган биринчи давлат бўлди.

Германия 2022 йилгача ишлаб турган, энергия бераётган АЭСларининг барчасини тўхтатади ва ҳозир уларни бузишни бошлаган ва бу ўта қиммат жараёнга 100 миллиард евро ажратяпти. Унинг ўрнига жадал суратларда қуёш, шамол энергиясига ўтиб, газда ишловчи ИЭСлари қувватини ошираяпти.

Швейсария ва Испания ҳам яқин орада барча АЭСларини тўхтатиш режасини ишлаб чиққан.

АҚШда АЭСларни ишлаб туришини таъминлашдан кўра, шу қувватдаги қуёш стансиясини қуриб ишга тушириш арзонга тушмоқда ва кўпчилик реакторлар тўхтатилмоқда.

Ўзбекистон АЭС қуришга тайёрми?

Ўзбекистонда АЭС қурилиши тарафдорларининг билган жумласи “АЭСлар Франсияда, Японияда, АҚШда, Жанубий Кореяда ҳам бор, ишлаб турибди-ку” деган иборадир.

Тўғри, бугунги кунда Америка, Япония, Франсия сингари давлатларда АЭСлар кўплаб қурилаяпти. Лекин уларда, илм, фан, техника тараққиёти ниҳоятда ривожланган ва улар ўзларини ҳимоя қила олишлари мумкин.

Улар бунгача автомобиллар, самолётлар, реактив самолётлар, ядро қуроллари ишлаб чиқаришган. Ва техника сир асрорларини етарлича эгаллашган. Давлат ва жамият қурилишини ҳам етарлича йўлга қўйишган.

Бизчи? Чиқараётган телевизорларимиз бор йўғи, ойнаси Хитойдан ёки Кореядан келтирилиб, қолган ашқол – дашқоллари ҳам ҳар жойдан тўпланаётган бўлса?! Асака автомобил заводи чиқараётган мошиналарнинг ҳам фақат нархи бизники. Чунки, улар ҳаммаси четдан бўлак бўлак келтирилиб, Ўзбекистонда бор йўғи йиғилади. Юртимизда охирги ўттиз қирқ йил ичида ҳатто бирорта ГЭС ёки ГРЭС ҳам қурилгани йўқ. Техника соҳасидаги илмларимиз шу даражада оқсоқ бўлатуриб, эртага қуриладиган АЭСни бошқариб кетиш салоҳиятига эгамизми?

Мабодо АЕС атроф муҳит ёки инсонларга бирор зарар етказса, ушбу давлатларни молиявий қудрати буни оқибатларини бартараф қилишга етади. Бугун бирор АЭСда каттароқ фавқулодда вазият юзага келса, зарар миқдори юзлаб миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

Масалан,​ 2011 йилги цунамидан сўнг ҳалокатга учраган Япониядаги Фукушима АЭС (атом электростансияси) ини бузиш ва ҳудудни тозалаш ишлари 2051 йилгача давом этади.

Фукушимадан қутилиш Японияга 62 миллиард еврога тушади Ҳозирги кунда ҳам ҳудудни тозалаш ва аста-секинлик билан бузиш устида 5000дан ортиқ ишчи ва махсус техникалар ишламоқда. Япон ва инглиз олимлари биргаликда юқори радиасия шароитида ишлайдиган робот ва техникалар устида иш олиб боришмоқда.

Япониядай қудратли мамлакат ҳалокатга учраган АЭСдан қутилиши учун 62 миллиард евро ва қирқ йил муддат талаб қилинмоқда. Шунда ҳам мутахассислар тасдиқлашича ҳудуддаги сувни тозалаш имконсизлигича қолади.

Япониядаги вазиятни кузатиб атом электростансия қуришдан олдин 7 марта эмас 7 миллион марта ўйлаб кўриш, мутахассислар билан маслаҳатлашиш, халқаро ташкилотлар ва мустақил экспертлар лойиҳани қайта-қайта назоратдан ўтказиши жуда муҳим.

Масаланинг яна бир жиҳати, ​​ маълумотларга кўра Ўзбекистонда 4 миллион тонна радиоактив чиқиндилар бор экан. Қазилма бойликлар эмас, айнан чиқиндилар. Яъни уларни на ишлатиб, на сотиб бўлади. Уларни сақлаш эса хавфли.

Радиоактив чиқиндиларнинг энг хавфлиларининг умри бир неча минг, ҳатто бир неча ўн минг йилларга тенг. Яъни уларни барча қоидаларига амал қилиб, 500 метр ер остига кўмгандан кейин ҳам ўртача эллик минг йил хавфли бўлиб тураверади.

Мисол учун Чернобил атом стансияси ҳудудидаги радиоактив чиқиндиларнинг буткул “ўлиши” учун таҳминан 48 000 йил керак бўлар экан. Агарюртимизда АЭС қурилса, бу жараён янада жадаллашиб, улкан радиоктив қабристонга айланиши ҳеч гап эмас.

Маълумот учун, энг кўп радиоактив чиқиндилар чиқарадиган, ривожланган давлатлар, хусусан ўз электр энергиясининг 75 фоизини АЭСлардан оладиган Франсия мазкур чиқиндиларни ўз ҳудудига кўммайди. Балки қашшоқ ва ривожланмаган Африка ва Осиё давлатлари, билишимча, Қозоғистонга пул тўлаб, уларнинг ҳудудларига жўнатади.

Шундай экан мутасаддилар АЭС, радиоактив чиқиндилар, уларнинг ортиб кетмаслиги ва сақланиши борасида жиддий бош қотирсалар ва шуғуллансалар ёмон бўлмайди.Бутун дунё қайта тикланувчи табиий тоза энергияга (қуюш, шамол, сув) ўтаётган вақтда, биз АЭС қурилиши масаласини қайтадан кўриб чиқишимиз жуда муҳим.

Шахруза Сатторова