“Жамоада мендан кўп қийналган, оғир шароитда яшайдиган инсонлар бор. Аввало, уларнинг ҳаётини яхшилаш зарур”

Ёмғир, қорли кунларда ҳаммамиз бошпана томон интилаётган вақтимиз об-ҳавони абзойига заррача эътибор бермай ўз ишига шижоат билан киришган инсонларни ҳеч кузатганмисиз? Гарчи уларнинг атрофидагилар уст-бошига, ишига қараб муносабатда бўлмасин, бошига қандай қийинчилик тушмасин барчасини шунчаки табассум билан енгиб ўтадиган даражада жасоратга эга.

Мана шундай қаҳрамонлаpдан бири бизнинг бугунги суҳбатдошимиз Заҳро опадир. У ҳаётда кўп қийинчликларни кўрган бўлса-да, тушкунликка тушмай, тақдирнинг синовлари билан курашмоқда. Қаҳрамонимизнинг ҳикоясини эса ўзидан эшитганимиз мақсадга мувофиқроқ.

Ободонлаштириш соҳасида ишлаётганимга 11 йил бўлди

Мен Тошкент шаҳрида туғилганман, ёшим 50да.Ота-онам эса асли қозоғистонлик, биз эса уч опа-сингил, бир ўғил Ўзбекистон фуқороси бўлиб шу ерда қолганмиз. Бир нафар фарзанднинг онасиман. Ободонлаштириш соҳасида ишлаётганимга бу йил ҳисобидан 11 йил бўлди. Касбимдан эса умуман нолимайман, бу касбга анча кўникиб кетганман.Турмуш ўртоғим ҳам бор, бирга яшаймиз. Менинг назаримда ҳар бир эркак киши оила боши сифатида қатъиятли, масъулиятли бўлиш керак. Уйим, жойим деб яшаши керак. Эри-хотин келишиб, аравани бирдек тортса, бир-бирини ҳурмат қилса, оилавий низолар камаяди деб ўйлайман. Ойлик маошим ҳақида, тўғриси, айтишни хоҳламайман. Лекин қора қозонимиз қайнашга етиб турибди, Худога шукур.

Мени нима ранжитади?

Атрофда ҳар хил одамлар бор. Баъзилар бизга паст назар билан қарайди, меҳнатимизни қадрига етмайди. Биз энди тозалаб турган жойга кўз ўнгимизда айримлар ахлатларини ташлаб кетиши дилимизни хуфтон қилади. Мана шундай ҳолатларда ахлат ташлаш учун махсус челаклар борлигини, бизни меҳнатимизни оз бўлса-да, қадрлашини сўраганимизда ойлигимизни олаётганимиз, тозалаш эса бизни ишимиз эканлигини айтиб жеркиб беришади. Майли, индамаймиз. Инсофни ўзларига беришсин. Беш қўл баробар эмас-ку ахир.

Лекин бизни тушуна оладиган инсонлар ҳам бор дунёда. Масалан оғир халталарни, буюмларни кўтариб кетаётганимизда баъзиларнинг келиб ёрдам беришлари ёки бўлмасам йўлда ётган ахлатларни махсус қутиларга жойлаб қўйишларидан хурсанд бўламиз. Ниятимиз ҳам атроф озода бўлишини хоҳлаймиз.

Мендан кўра уларга кўпроқ ёрдам керак

Жамоамиз билан анча аҳил-иноқмиз. Ўрни келганда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз, ёрдам берамиз. Лекин бу жамоада мендан кўп қийналган, оғир шароитда яшайдиган инсонлар бор. Баъзи аёлларни турмуш ўртоғи йўқ, болаларини боқиш керак, баъзиларни уй-жойи йўқ. Мен кўпроқ уларни, аниқроқ айтсам, опа-синглимдек бўлиб қолган инсонларни ҳаётини ижобий тарафга ўзгаришини хоҳлайман. Нима бўлганда ҳам меҳнатимиз ҳалол. Ҳалол меҳнатдан келган ҳар бир нарса эса баракали бўлади.

Энг катта орзум…

Энг катта орзум ўғлимни бахтини кўриш. Худо хоҳласа, бу йил уни уйлантириб тўй қилиш ниятимиз бор. Набираларимни эркалаб бағрига босишни, келинини қўлидан бир пиёла чой ичишни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Бу даврларни ҳам ўзгача гашти бўлса, керак, албатта.Нима бўлган тақдирда ҳам ўтаётган ҳар бир кунимдан розиман. Тани-жоним соғ, меҳнатга яроқатлиман.

Бошланган янги йил номи 2022-йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинибди. Бундан жудаям хурсанд бўлдим. Бизга ҳам оз бўлса-да эътибор қаратилишидан умидвормиз. Тилагим, аввало, юртимиз тинч бўлсин, инсонлар соғлом бўлсин. Тинчлик ва соғлик бўлган жойда эса кўп нарсага эриша оламиз, албатта!

Шу билан Заҳро опа билан бўлган суҳбатимиз якунланди. Одатда, бизга халқ орасида танилган машҳур инсонлар билан суҳбат қуришга интилиш, улар билан расмга тушиш гўё анъанадай шаклланиб қолган. Бироқ оддий аҳолининг дардини ким тинглайди?

Ўтаётган ҳар бир кунига шукур қилиб, ўзидан кўра бошқаларни ўйлаб куюниш эса ҳақиқий инсонийликка хос фазилатлардандир аслида. Агар ҳамма тозаликка бирдек масъулиятни ҳис қилганида эди уларни меҳнатини анча қадрига етган бўлар эдик.

Яна бир гап, бир устозимиз айтган эдилар. Ободонлаштиришда ишлайдиган кўпчиликни оддий халқ “ахлатчи” деб атайди. Аслида “ахлатчи” улар эмас, биз! Улар эса покловчидир.

Лайло Эсанмуродова тайёрлади