Тафаккур вақти: Тушдаги топшириқ

Алишер Навоий устози Нуриддин Абдураҳмон Жомий ҳақида ёзган «Хамсатул мутаҳаййирин» асарида фавқулотда бир воқеани эсга олган.

Жомий хизматидаги кишилардан бири — Хожа Деҳдор тушида ул ҳазратни кўрган экан. Тушида жомий ҳазратлари унга юзланиб айтибдиларки: «Қуръон ўқи!»
Шундан сўнг орадан етти ё саккиз йил ўтиб, Хожа Деҳдор ҳазрат Навоийнинг хизматига киргач, бир аснода ўша тушни Навоийга сўзлаб берган. Устози тушини каромат деб билган Навоий унинг Қуръон таҳсил қилиб, ёдлашига, ҳофизи мужаввид бўлишига кўмаклашган.

Орадан яна бир неча йиллар ўтиб, Навоий Хожа Деҳдорни бир хизмат билан Астробод вилоятига юборибди. У хизматни адо этиб, Ҳиротга қайтган куни сафар анжомини бир жойга қўйиб, тезлик билан мавлоно Жомийнинг уйларига шошилибди.

Бу пайтда мавлоно оғир ҳолатда беҳуш ётган, унинг аҳволини енгиллатиш мақсадида ёнида тиловат қилишга бирон қорига эҳтиёж сезилаётган экан. Шунда Хожа Деҳдор эшикдан кириб бориб, улуғ устози бундан ўттиз йилча олдин берган топшириғини бажариб, хастанинг ҳузурида Қуръон тиловат қилишга киришибди. Хатм охирига етиб қолганда хаста мавлоно жон таслим қилибди.

Ҳазрат Навоий ҳайрат билан ёдга оладики, устозидан каромат воқе бўлиб, ўттиз йилча олдин тушида берган топшириғи шу тарзда натижа топган.

Бу воқеада ўттиз йил кейинги ҳолат юзасидан шогирдига тушида топшириқ берган мавлоно Абдураҳмон Жомий, шу тушни эсидан чиқармай, таъбири Навоийдан сўраган Хожа Деҳдор ҳамда устозининг туш орқали берган топшириғини бажаришга кўмаклашган Алишер Навоийнинг тутган йўли ҳам ғоят ҳайратланарли.

…Кўринадики, баъзи инсонларнинг ҳатто тушдаги гаплари ҳам ҳикматдан холи эмас. Бизнинг эса, уйғоқликдаги гапимиз ҳам худди тушдагидек.