Фарғонада қассоб ўз қушхонасида ўлдирилган

Ижтимоий тармоқлар орқали Фарғона вилояти Қува туманида қассоб йигит ўз қушхонасида ўлдириб кетилгани ҳақида хабар тарқалмоқда. Бош прократура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг xabar.uz га берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг 5 июн куни қувалик қассобнинг мурдаси ўз хонадонига туташиб кетган қушхонадан топилган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, қассоб бўйин олд юзасининг юқори қисмидан олган жароҳатлари натижасида вафот этган. Шунингдек мурда кўздан кечирилганда бошқа жароҳат излари ҳам аниқланган.

Ҳолат юзасидан 30дан ортиқ шахслар сўроқ қилинган. Уларнинг аксарияти қассобдан ҳақдорлиги, унинг қарзлари қорамол ва қўйларни насияга олгани натижасида ҳосил бўлганини билдиришган.

Айни пайтда Қува тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилаётгани айтилган.