Тафаккур вақти: АЖАБ ХУЛОСА

Ота ишдан ҳар галгидек кеч қайтди. Эшикни очган хотини юзидаги безовталик саволга ташна эди.

— Тинчликми?
— Яна синф раҳбари келди. Ўғлингиз билан ўзингиз гаплашмасангиз бўлмас экан. Қанақа беэътиборсизлар, деб дакки берди.
— Оиламизга аралашмасин, — асабийлашди у, — Бунча эътиборли бўлишмаса. Бўпти, гаплашаман. Ўғлинг ухлаяптими?
— Ҳа.
Ота эрта кетиб, кеч қайтарди. Дам олиш кунлари ҳам ишда бўларди. Бола билан гаплашишга вақт қани? Хайрият фарзанди битта.

— Яна нима бўлди? Ўғлингми? – ота хотинининг хавотирли боқишига аҳамият бергиси келмади. Ишда роса чарчаганди.
— Лицейда дарс қолдираётган экан. Мен гапирсам, қулоқ осмаяпти. Гуруҳ раҳбари маҳалла вакиллари билан келди.
— Маҳалла нима деди?
— Ўсмирлик нозик палла. Сизлар унинг ҳаёти билан қизиқмаяпсизлар, — дейишди.
— Бизга ақл ўргатмасин, — ота асабийлашди, — Бунча эътиборли бўлишмаса.Ўғлинг ухлаяптими?
— Ҳа.

Отанинг уйга барвақт қайтганига сабаб хотини телефон қилиб чақиргани эди. Милициядан келган чақирув қоғозига кўз югуртураркан, ота тутақди.
— Ўғлинг қани?
— Жўрамникида қоляпман, деб уч кечадан буён келмайди.
Ўғлининг институтдан ҳайдалгани, гиёванд модда истеъмол қилиши ва безориларга қўшилганини билган ота бу қандай содир бўлиши мумкинлигини узоқ ўйлади ва охири топди: мактаб, лицей ва институт ёшларга эътиборсиз, маҳалла-кўй бефарқ.

Аччиқ кўргуликлар ҳали олдинда эканини ота билмасди.