422 та ҳукумат қарори ўз кучини йўқотди

«Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни «тартибга солувчи гильотина» усули орқали тизимлаштириш натижасида 422 та ҳукумат қарори ўз кучини йўқотган.

Ўз кучини йўқотган ҳужжатларнинг 90 фоизи (331 та)ни яхлит қарорлар, 10 фоизи (91 та)ни эса ҳужжатларнинг айрим бандлари ташкил қилган.

Мазкур ҳужжатларнинг бекор қилинишига қуйидагилар асос бўлган:

кейинроқ қабул қилинган ҳужжатлар билан бир хил нормаларнинг мавжудлиги;

нормаларнинг кейинроқ қабул қилинган ҳужжатлар нормаларига зид келиб қолгани;

қарорларнинг қабул қилинишига асос бўлган юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжатларининг бекор қилингани натижасида ўз долзарблигини йўқотгани;

қарорлар билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бошқа қарорларнинг ўз кучини йўқотган деб топилгани;

қарорларда белгиланган бир марталик, вақтинчалик бажарилиши лозим бўлган топшириқларнинг ижроси таъминлангани.