Мўйноқ туманида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” томонидан “Оролбўйи минтақасидаги аёлларни агротадбиркорлика жалб этиш орқали салоҳиятини кучайтириш хамда чиқиндлардан инновацион усулда компост тайёрлаш, шўрланган ерларни самарадорлигини ошириш ва ҳудуд экологиясини яхшилаш” юзасидан икки кунлик семинар-тренинг ташкил этилди.
Бугунги кунда устувор масалаларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали аҳолини озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда аҳоли томорқалари ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари муҳим ўрин тутиб, бунда хотин-қизларнинг ўрни беқиёсдир.
Германия Ҳалқаро Жамияти ва Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” томонидан Оролбўйи минтақасидаги аёлларни агротадбиркорликка жалб этиш орқали потенциалини кучайтириш, деҳқончилик ва чорвачилик йўналишида замонавий билимлар бериш, уларни инновацион, тежамкор технологияларидан, мавжуд ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларидан хабардор қилиш мақсадида семинарлар ташкил этилмоқда.
Мўноқда бўлиб ўтаётган семинарлар Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов ва Қўнғирот туманларида, Хоразм вилоятининг Урганч, Хонқа ва Гурлан туманларида хам ўтказилиши белгиланган.
Семинар давомида иштирокчиларга шўрланган ерларда деҳқончиликни тўғри ташкил этиш, тупроқ унумдорлигини ошириш усуллари, шўрга чидамли навлар ва уларни парваришлаш, парник ва иссиқхоналар ташкил этиш ва уларда маҳсулотлар етиштириш технологияси, чорва молларини тўғри озиқлантириш, парваришлаш ва наслини яхшилаш, чорва маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги долзарб масалалар атрофлича тушунтирилиб, йўналишлар берилди.
Маълумки, экологик масалалар республикамиз, айниқса Оролбўйи минтақаси учун ниҳоятда муҳим. Шу боис, семинарларда экологик вазиятни яхшилашда аҳоли томорқалари ва шахсий-ёрдамчи хўжаликлар эгаларининг масъулиятини ошириш баробарида зарурий билим ва маълумотлар берилди.
Маълумот учун, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўз лойиҳаларини Ўзбекистонда 1992 йилдан буён амалга ошириб, барқарор иқтисодий ривожланиш, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишларида самарали фаолият олиб бормоқда.