Бир қатор ОТМларнинг номланиши ўзгартирилади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Педагогика олий таълим муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ҳужжат лойиҳасида педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолияти такомиллаштириш, хусусан, қайта ташкил этиш, шу жумладан, номининг ўзгариши муносабати билан олий таълим соҳасига алоқадор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли аниқликлар киритиш учун қонун ости ҳужжатларини мувофиқлаштириш белгиланган.

Шунингдек, педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабаларнинг ҳамкор хорижий олий таълим муассасасида ўқиш даври учун тўлов-контракт қийматини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилиши муносабати билан мавжуд қонунчилик ҳужжатларини тегишли қўшимча билан тўлдирилади. Таълимга бевосита алоқадор бўлмаган соҳаларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда олий таълим муассасаларининг номланишини бугунги кун ҳолатига мувофиқлаштирилади.

Қарорда Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти сўзларини Чирчиқ давлат педагогика университетига, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали сўзларини эса Қорақалпоғистон тиббиёт институти» сўзларига алмаштириш таклиф этилган.