Болалар омбудсмани Фарғонадаги ИИБ биносида вафот этган 14 ёшли йигит воқеасини ўрганди

Фарғонада 14 ёшли вояга етмаган шахс Фарғона вилояти ИИБ муассасасида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Фарғона вилояти Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти ҳамкорлигида Қўқон шаҳридаги ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг фаолиятини ўрганди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мониторинг давомида болалар учун яратилган шароитлар, уларнинг соғлом овқатланиши, таълим олиши, ётоқ жойлари, уларнинг спорт билан шуғулланишлари ва бошқа ҳолатлар ўрганилган. Бундан ташқари, Болалар омбудсмани марказда вақтинча сақланаётган болалар билан якка тартибда суҳбат ўтказган, уларнинг ижтимоий аҳволи, марказга келиб тушиш сабаблари билан қизиққан.

Мониторинг жараёнида иштирок этган давлат ташкилотларининг масъул ходимларига болаларни тезроқ ўз оиласига қайтариш, ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларга амалий ёрдам кўрсатган ҳолда болалар назоратсизлигининг олдини олишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилган.

Шунингдек, вакил Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 17 октябрь кунига қадар сақланган, Учкўприк тумани «Султон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган марҳум 9-синф ўқувчиси А.Р.нинг хонадонида бўлиб, боланинг онаси ва яқин қариндошларига ҳамдардлик билдирган. Алия Юнусова бўлиб ўтган воқеа назоратга олинганини ва боланинг вафотида айбдор бўлган шахсларга нисбатан суд томонидан қонуний жазо берилишини таъкидлаган.

Шу билан бирга, марказда мониторинг давомида аниқланган хато ва камчиликлар бартараф этилиши юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идораларга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таклиф ва тавсиялари юборилади.

Аввалроқ Бош прокуратура Фарғона ИИБда 14 ёшли боланинг ўлими билан боғлиқ тергов иши назоратга олинганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада ИИБ ходимлари фуқарони калтаклаганди. Суд эса уларга нисбатан оқлов ҳукмини чиқарганди. Самарқандда маҳбус ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солингани юзасидан муносабат билдирилганди. Шунингдек, Хоразмда ИИБ ходимлари эркакни калтаклагани юзасидан текширув бошланганди.