Индонезияда никоҳсиз яқин муносабатлар қатъиян таъқиқланди

Индонезия парламенти никоҳдагилардан ташқари бошқа жуфтларнинг жинсий муносабатда бўлишини таъқиқлади. Қонунга риоя қилмаганлар бир йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилади. Шунингдек, ушбу белгиланган қонун доирасида президентни ҳақорат қилиш ёки давлатга қарши турли ёт ғояларни илгари суриш ҳам жазога тортилишга сабаб бўлиши кўрсатиб қўйилди.

Мазкур қонун 3 йилдан кейин расман кучга кириши айтилмоқда. Бу янги жазо қонуни нафақат ўлка фуқароларига тегишли, балки хориждан ташриф буюрувчи меҳмонларга ҳам бирдек тааллуқли ҳисобланади. Қонун доирасида зино қилиш ҳам таъқиқланади.

Сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти янги қонуннинг инсон ҳуқуқлари учун катта бурилиш ясашини алоҳида таъкидлади. Боиси мазкур қонун диний эркинликларни ҳам чеклаши кутилмоқда. Хусусан, эндиликда динни ҳақорат қилиш Индонезияда айбдор деб топилиш учун етарли бўлади, қолаверса, кимнидир диндан чиқишга ундаш ҳам ман этилади.

2019 йилда ҳам шунга ўхшаш бир қатор қонунлар жорий этилиш арафасида турганида бўлиб ўтган намойишлар сабаб тўхтатилганди. 

Маълумотларга кўра, Индонезиядаги кўпчилик жуфтликларнинг никоҳ тузилганлик ҳақида шартномаси мавжуд эмас. Индонезия аҳолисининг сони 267 миллионга яқин ва уларнинг кўпчилиги мусулмонларни ташкил қилади. Давлатнинг айнан бирорта расмий дини бўлмаса ҳам улар атеизмни қабул қилишмайди. Қимор ўйнаш, спиртли ичимликлар ичиш ва аёл эркак аралаш бир жойда йиғилиш ҳам таъқиқланган.