Келажакда Ўзбекистонни катта сув инқирози кутмоқда…ми?

Сўнгги йилларда бутун дунё жамоатчилигини ичимлик сув билан боғлиқ вазият хавотирга солиб келмоқда. Иқлимнинг исиб кетиши ва сув ресурсларидан нооқилона фойдаланиш ичимлик сув инқирозига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса миллионлаб кишининг ҳаётини хавф остига қўйибгина қолмай, балки хавфли ижтимоий-иқтисодий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради.

Ер юзининг 70 фоизи сув билан қопланган. Аммо унинг атиги 3 фоизга яқини ичиш учун яроқли. Ачинарлиси, йиллар давомида бу ҳам камайиб, танқислик ортиб боряпти.

Бу шунчаки рақамлар эмас. Аслида ҳам ичимлик сув муаммоси сайёрамизни ташвишга солаётган долзарб экологик масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, дунё нуфуси ошиб бориши, саноат корхоналарининг кўпайиши ва ривожланиши, қўшимча суғориладиган ерларнинг ўзлаштирилиши, қолаверса, беҳуда исроф­гарчилик қайта тикланмайдиган сув манбаларининг кескин камайишига олиб келмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, 2050 йилга қадар сувга бўлган талаб яна 50 фоизга ошади.

Ўзбекистонда ҳам ичимлик сув муаммоси йўқ эмас. Жаҳон банкининг таҳлилларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сувга бўлган талаб 59 куб километрдан 62-63 куб километргача ошади ва мавжуд сув ресурслари сезиларли даражада камаяди. Бундай вазиятда сувдан оқилона фойдаланиш ва тежамкорликнинг ўзи камлик қилади.

Ҳозирда юртимизда аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 71,2 фоизни ташкил қилади. Бунда аҳоли жон бошига кунига ўртача 133 литр сув етказиб берилмоқда. Аммо бу етарли бўлмагани учун бутун ҳудудлар аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш борасида чора-тадбирлар кўриляпти. Хусусан, охирги беш йилда соҳага 10 трлн. сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилди. Бунинг ҳисобига 6 млн. 500 минг киши илк бор марказлашган ҳолда ичимлик сув билан таъминланди. Ўтган йили 474 та сув иншооти қурилиб, 6 300 километрга яқин тармоқ тортилди. 592 маҳаллада 2 млн.дан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланган. 2022 йилда эса 1,6 млн. кишини илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш, 3,4 млн. нафарининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳисобига мавжуд кўрсаткични 74,2 фоизга етказиш режалаштирилган.

Оқова сув – экологик барқарорликда муҳим омил

Бугунги кунда юртимизда ишлаб турган оқова сув тизимларининг аксарият қисми ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилган бўлиб, бугунги кунда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Оқова сув тизимлари одамларнинг фаровон турмушини таъминлаш, экологик барқарорликни сақлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис давлатимиз томонидан аҳолига бу турдаги хизматлар кўрсатиш сифатини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда республика бўйича жами 56 та янги оқова сув тозалаш иншоотлари барпо этилди ва 1,1 минг км оқова сув тармоқлари тортилди. Бунинг натижасида, 2017 йилда юртимиз аҳолисининг марказлашган оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси 15,2 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб ушбу кўрсаткич 17,6 фоизга етказилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 125 та сув тозалаш иншоотлари мавжуд бўлиб, шундан 58 таси йирик, 67 таси локал оқова сув тозалаш иншоотлари ҳисобланади. Оқова сув иншоотларининг умумий лойиҳавий кунлик қуввати 3,7 млн. метр куб бўлиб, амалда кунига 2,7 млн. метр куб қувват билан ишлаб келмоқда.

Сўнгги йилларда оқова сув тизимларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга қарамасдан, мазкур йўналишда бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Биринчидан, республикадаги мавжуд оқова сув инфратузилмаси жисмонан ва манъан эскирган. Ҳозирда мамлакатимизда 282 та оқова сув кўтариш насос станцияларида жами 527 та насос агрегатлари мавжуд бўлиб, шундан 122 таси носоз, шунингдек, мавжуд жами 8,8 минг км оқова сув тармоқларидан 2,1 минг км (23 фоизи) таъмирталаб аҳволда.

Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида айни дамда барча дастурлар доирасида кунлик умумий қуввати 1,3 млн метр куб бўлган 45 та оқова сув тозалаш иншоотлари, 329 та насос станциялари ва 3,8 минг км оқова сув тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур қурилиш-монтаж ишларининг амалга оширилиши натижасида 2,3 млн нафар аҳолига илк бор оқова сув хизматлари кўрсатилади.

Умуман олганда, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига мувофиқ 32 та йирик шаҳарлар ва 155 та туман марказларида оқова сув тизимларини янгилаш белгиланган. Ушбу давр мобайнида 283 та оқова сув иншоотлари қурилади, 6,5 минг км оқова сув тармоқлари тортилади ва реконструкция қилинади. Бунинг натижасида республика аҳолисининг марказлашган оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражаси 35 фоизга етказилади.

Оқова сув хизматларини кўрсатиш соҳасидаги яна бир тизимли муаммолардан бири – бу саноат корхоналарида бирламчи (локал) тозалаш ускуналари ўрнатилмаганлигидир. Жойларда олиб борилган ўрганиш ишлари давомида аниқланишича, корхоналардаги мавжуд тозалаш ускуналари ҳам талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида чиқарилаётган оқова сувларнинг таркиби меъёрдан юқори зарарли бўлиб, тозалаш иншоотларининг технологик фаолиятини издан чиқармоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудлардаги экологик ҳолатга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Шу боисдан Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 804-сонли қарорига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб, меъёрдан юқори ифлосланган оқова сув ташлаётган корхоналар билан шартномани бекор қилиш белгиланган.

Бундан ташқари, кўпчилик юртдошларимиз оқова сув тармоқларига сувда эримайдиган турли маиший қаттиқ чиқиндиларни ташлаб, уларда тиқилиш юзага келишига сабабчи бўлаётгани ҳам ачинарли ҳол. Бу ҳам, ўз навбатида, оқова сув тармоқлари ва оқова сув иншоотларининг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

2050 йилда сув танқислиги билан юзма-юз

Марказий Осиё минтақасида сувдан фойдаланишда минтақа давлатлари орасида вазият анча таранглигича қолмоқда. Буни Тошкент ва Бишкек ўртасидаги Кампиробод сув омбори борасидаги келишувларнинг узоққа чўзилганидан ҳам билиш мумкин. Шунингдек, аввалги маъмурият давридаги Қирғизистондаги Қамбарота, Тожикистондаги Роғун ГЭСлари атрофидаги таранглик охирги йилларда анча юмшади. Аслида сувдан унумли фойдаланиш минтақанинг барча мамлакатларига хос муаммо. Масалан, Тожикистон шимолида Қирғизис­тон билан бу муаммо ҳалигача сақланиб турибди.

– Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам 2050 йилга бориб сув танқислиги 5 баробарга ошади, – дейди «Ўзсувтаъминот» бош мутахассиси Анвар Мухамедалиев. – Ўзбекистонда сўнг­ги 15 йил ичида аҳоли жон бошига йиллик сув ҳажми 3048 метр кубдан 1589 метр кубгача, яъни 2 баробарга камайган. Жаҳон банкининг таҳлилий кўрсаткичларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сувга бўлган талаб беш баробарга ошади.

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, бутун дунё бўйича аҳоли жон бошига сув билан таъминланганлик даражаси ўртача 24 600 м3 ни ташкил этиб, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1589 м3 га тенг. Таққослаш учун ушбу кўрсаткич Қирғизистонда 8000 м3, Тожикистонда 7100 м3, Қозоғистонда 5500 м3 ва Туркманистонда 4200 м3 ни ташкил этади.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида Марказий Осиёда сўнгги 50-60 йил давомида музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Ҳарорат 20 С га ортганда музликлар ҳажми 50 фоизга, 40 С га исиганда эса 78 фоизга камаяди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Ўзбекистонда 2015 йилгача бўлган даврда сувнинг умумий тақчиллиги 3 млрд куб метрдан ортиқни ташкил қилган бўлса, 2030 йилга бориб 7 млрд куб метрни, 2050 йилга бориб эса 15 млрд куб метрни ташкил қилиши мумкин.

2010-2021 йилларда қишлоқда истиқомат қилувчи аҳолининг сувдан фойдаланиши шаҳарга тенглашиб қолди. Бу эса ичимлик сув билан боғлиқ янги инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш бугунги кун учун ҳаммадан ҳам долзарб муаммо эканлигини англатади.

Масалан, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида ер соти сувлари сатҳи 5 метргача пасайиб кетганлиги аниқланган. Шунинг учун ҳам ерости сувлари сатҳи пасайиб кетаётган ҳудудларда 2022 йил 1 августдан бошлаб ерости чучук сувларига қудуқ бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича мораторий жорий қилиниши кўзда тутилганди. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб эса Президент қарорига мувофиқ ҳар бир қудуққа алоҳида эмас, балки қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш йўлга қўйилади. Сатҳи пасайиб кетаётган ер ости суви конларини тубдан қайта баҳолаш бўйича геология-қидирув ишлари амалга оширилади.

Европа давлатларида ҳам қиш­лоқ хўжалигидаги исроф бўлаётган чучук сув захиралари катта муаммо ҳисобланади. Европа ҳисоб палатаси ҳисоботида таъкдиланишича, Европа қишлоқ хўжалиги сиёсати сувнинг исроф бўлишига асосланган. Чунки асосий молиялаштириладиган маҳсулотлар сувни кўп талаб қиладиган маҳсулотлар ҳисобланади. Хусусан, гуруч, ёнғоқ ва мева-сабзавот. Шунингдек, бу маҳсулотлар етиштириладиган ҳудудлар ҳам сув танқис ҳудудларга тўғри келади.

Сувнинг бундай ишлатилиши ва қурғоқчилик ортидан тоза ичимлик сув танқислиги жараёни яна тезлашиши мумкин. Бу эса оғир оқибатларга олиб келмай қолмайди. БМТ ҳисоботларига кўра, сифатли ичимлик сув билан етарли таъминланмаганлик ва оқова сув тармоқларининг ишламаслиги оқибатида ҳар йили дунёда 780 минг киши дезинтерия ва холера (вабо)дан вафот этади. Бу сиёсий низолар, эпидемиялар ва зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сонидан кўп дегани. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра эса, ҳар йили тоза ичимлик сув етишмаслиги оқибатида дунёда 361 минг беш ёшдан кичик бўлган болалар диареядан вафот этади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирда йўлга қўйилган тенденциялар узоқ йиллик режаларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкинлигини унутмаслик керак. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш уларни узоқроқ муддатга етишини таъминлашда муҳим омиллардан бири эканлиги аниқ. Шунингдек, сув захирасини сунъий яратиш йўлларини ҳам ишлаб чиқиш лозим. Жумладан, ёғинчарлик (ёмғир, қор) сувларидан максимал даражада фойдаланиш ва бу йўлда тадбирларни ишлаб чиқиш келажакдаги устувор вазифалардан биридир.

Саида ИБОДИНОВА