Ҳиндистон элчихонаси болалар ўлимига сабаб бўлган сироп бўйича баёнот берди

Маълумки Самарқанд шаҳрида болаларнинг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўталга қарши сиропдан заҳарланиши ва ўлими дунёда катта акс-садо берди. Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси бугун бу фожиага муносабатини оммага ошкор қилди. 

“Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонаси Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатининг Ноида шаҳрида жойлашган Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Dok1 Max йўтал сиропи заҳарлангани гумон қилиниб, Ўзбекистонда 18 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда. Элчихона ушбу фожиа қурбонларининг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдиради. Элчихона Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги билан алоқаларни давом эттиради ва Агентликдан Ҳиндистонда ҳам зарур чоралар кўрилиши учун ўз тергов ҳисоботларини Ҳиндистон томони билан бўлишишни сўрайди.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш ва оила фаровонлиги вазирлиги кўрсатмаларига асосан, Ҳиндистон Дори воситаларини стандартларини назорат қилиш марказий ташкилоти (CDSCO) ҳам 2022 йил 27 декабрдан бошлаб Ўзбекистон миллий дори воситаларини тартибга солувчи орган билан доимий алоқада бўлиб келмоқда.

Маълумотни олгандан сўнг, Marion Biotech – ишлаб чиқарувчининг жиҳозлари Уттар Прадеш штати дори воситалари стандартини назорат қилиш гуруҳи ва CDSCO томонидан биргаликда текширувдан ўтказилди ва текширув ҳисоботи асосида тегишли чоралар кўрилади.

Marion Biotech лицензияланган ишлаб чиқарувчи бўлиб, Dok1 Max  сиропи ва таблеткаларини экспорт қилиш учун Уттар-Прадеш штатидаги дори-дармон моддалари айланмасини назорат қилиш бошқармаси томонидан берилган лицензияга эга.

Йўтал сиропи намуналари ишлаб чиқариш биноларидан олинган ва синов учун Ҳиндистоннинг Чандигарҳ шаҳридаги Минтақавий дори синов лабораториясига (RDTL) юборилган.

Ҳиндистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика препаратлари соҳасидаги ҳамкорликни юксак баҳолайди. Биз бу борада Ўзбекистон расмийлари билан яқин алоқада бўлишни давом эттирамиз”, дейилади элчихона баёнотида.