“ШОҲНИНГ ИШИГА АРАЛАШМА, ОЛАВЕРИНГЛАР, ДАВЛАТ ҚАШШОҚЛАШИБ ҚОЛМАЙДИ!..”

(Кулги билан пардаланган ҳақиқатлар)

“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмнинг номини эшитишимиз ҳамоноқ лабимизда таббассум югуради. Комедиямисан, комедияда-да! Мириқиб томоша қиласан, мазза қилиб куласан. Гоҳ ўн олтинчи асрга, гоҳ йигирманчи асрга юзма-юз келасан. Лекин, кулгу ортига яширилган аччиқ ҳақиқатларни илғаб етамизми?

Бу фильм сценарийси машҳур рус ёзувчи Михаил Булгаковнинг 1934-1936 йиллар оралиғида ёзган “Иван Васильевич” пьесаси асосида режиссёр Леонид Гайдай ва сценарист Владлен Бахнов томонидан 1971-72 йилларда яратилган.

1936 йил баҳорида мазкур пьеса Москвадаги Сатира театри томонидан саҳналаштирилади. Премьерадан аввал 1936 йил 13 май куни бош репитиция бўлиб ўтади ва унда коммунистик партия марказий комитети вакиллари иштирок этади ҳамда спектакль тақиқланади. Хўш, партия арбоблари нега пьесани тақиқлашганди, уларни нима қўрқитиб юборганди?

…Уй бошқарувчиси Иван Васильевич Бунша совет замони раҳбарларининг типик вакили. Албатта, М.Булгаков бу персонажга “уй бошқарувчиси” лавозимидан бошқа мансаб бераолмасди. Совет замонида катта амалдорларни порахўр, бюрократ, ахлоқий бузуқ, иккиюзламачи сифатлар билан тасвирлаш мумкин эмасди. Олий раҳбарият ҳар қандай камчиликлардан холи, фариштасифат образларда ташвиқот қилинарди. Шу боис Буншага ўша пайтдаги энг паст “лавозим” – уй бошқарувчиси вазифаси насиб этганди. Аммо, ёзувчи ҳам, фильм режиссёри ҳам мана шу кичкина мансаб эгаси тимсолида катта мансаб эгаларининг жамики қусур ва “фазилат”ларини умумлаштирганди.

Бунша совет даври воқеаларида ўта ватанпарвар. Инженер Тимофеев (Шурик)нинг хотини билан ажрашишини эшитиб, илтимос квартал охиригача қўйди-чиқдингизни тўхтатиб турсангиз – кўрсаткичларимизни тушириб юбораяпсиз, деб шарт қўяди уй бошқарувчиси. Эсладингизми, ўша замон тутум-талабларини, яъни барча раҳбарлар учун ойлик, квартал, йиллик, беш йиллик планларнинг бажарилиши ҳаёт-мамот масаласи эди. Қоғозларда режаларни шараф билан бажариш ватанпарварлик мезонига айланганди. Яна бир ўринда Бунша инженерни ҳол-жонига қўймайди: мана шу шубҳали машинангиз ҳақида тегишли органларга ўзингиз хабар беринг, бўлмаса ўзимиз хабар берамиз, дейди. Бу ўринда жамият, давлат хавфсизлиги учун жон кудираётган “ҳушёр”, “садоқатли” кимса намоён бўлмоқда. Буншанинг бутун “доно”лиги ўша замон урфида бўлган расмий, қуруқ ва сиёсий ҳушёр одамнинг ёдаки гаплари холос. (Шурик: Сиз гапираётганда Иван Васильевич алаҳсираётганга ўхшайсиз).

 Энди бу жамоат иши (муаллифлар аслида мансаб манфаатларини назарда тутишган) жонкуяри, “юртпарвар” кимсанинг XVI аср воқеалари ичида кузатинг. Швед элчилари русь давлатидан Кемь волостини сўрашганида Бунша “шоҳ”: олаверинглар, олаверинглар, давлатимиз қашшоқлашиб қолмайди, деб ўйлаб ўтирмасдан давлат ерларини инъом қилиб юборади. Совет жамияти рад этган ва назарига илмаган, ватанпарварлигига мутлақо ишонмаган ўғри Жорш Милославский эса: нима қилаяпсан итдан тарқаган, бу кетишда бир қарич ерга зор бўламизку, деб чин юртпарварлигини намойиш этади. Комедиянинг энг кулминацион ғояси ҳам айнан мана шу ерда. Муаллифлар филъмга тилида “квартал кўрсаткичларимизни тушириб юбораясиз”, деб гўё давлат манфаатлари учун жон куйдириб юрган, минбарларда кўксига уриб халқпарварлигу фидоийликдан лоф уриб бировга гап бермайдиган сохта ватанпарварларга ишонманг, улар биринчи имкон туғилиши билан юртни таг-туги билан сотиб юборишади, деган ҳаётий ҳақиқатни сингдиришган. Аксинча, оддий бир ўғри ҳукумат мулозимидан кўра минг чандон зиёд юртпарвар бўлиши мумкин. Ҳукумат корчалонлари пьесани нега тақиқлашгани сабаби ҳам шу ерда.

Дунёда ҳамма нарса юқумли бўлади, деган гап бор. Фильм муаллифлари совет тузумининг бюрократияси, сансаларлиги, ташаббуснинг йўқлиги, ҳеч ким жавобгарликни бўйнига олмаслиги, “коллектив бошқарув коллектив масъулиятсизликка” айланганлигини ҳам бир саҳна орқали яққол кўрсатишган.

Бунша “шоҳ” тахтини эгаллаган, ўғри эса “саройбон” вазифасида. Кутилмаганда швед элчиларини қабул қилишга тўғри келади. Давлат ва дипломатик тартиб-қоидалардан бехабар “уй бошқарувчиси” ва ўғри ҳанг-манг бўлиб қолишади. “Шоҳ” бутунлай тилдан қолади. Ўғри вазиятдан чиқишнинг йўлини топади: “гражданин элчини олиб киринг!” Умри қамоқхонада ўтган ўғри дипломатик назокат ва лексиконни қаердан билсин? Бундай пайтда: айтинг, жаноб элчи марҳамат қилсинлар, дейиш лозимлиги унинг етти ухлаб тушига кирганми? Қамоқхонада эшитган гапи – маҳбусни олиб киринг, маҳбусни олиб кетинг, гражданин начальник! Ҳозир гап бу ҳақда эмас. Бюрократия хусусида. Элчилар хайрлашар экан, яна ўша ўзларининг асосий мақсади – Кемь волостини сўрашади. Ўғри “саройбон” эса: бунақа нарса пала-партиш ҳал қилинмайди, ўртоқлар билан маслаҳатлашиш керак. Кейинги ҳафтада келинглар, деб ишни пайсалга солади. Куни кеча бой хонадонларни ўмариб юрган ўғри “эрта келинг, индин келинг, бир ҳафтадан кейин бир хабар олинг”, деб пайсалга солувчи совет “бюрократ”ига айланади қолади.

Хуллас, бу ўлмас асар жамият қусурларини бадиий сўз ва образлар орқали фош этади, тузум юзига ойина тутади. Фақат, бу ишни маҳорат билан, юмор ва кулгу орқали амалга оширади.

Жалолиддин Сафоев