Нoaм Хoмcкий: «Оммани назорат қилишда қўлланиладиган 10 та мудҳиш найранг”

Ноам Хомский — Массачусет технология институти профессори, лингвист, философ, жамоат арбоби, сиёсий таҳлилчи, ҳозирги замоннинг энг атоқли файласуфларидан бири ҳисобланади. Унинг китоблари дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатларида нашр қилинган. Олимнинг Оммавий ахборот воситалари ва ҳукмрон доиралар томонидан инсон онгини манипуляция қилиш усуллари борасида тузган рўйхати бутун жаҳонда жуда катта қизиқиш уйғотди.

1. ДИҚҚАТНИ ЧАЛҒИТИШ

Сиёсий ва иқтисодий доиралар томонидан қабул қилинаётган ўта муҳим қарорлар ва долзарб муаммолардан одамлар диққатини четга тортиш, чалғитиш учун Ахборот маконини аҳамиятсиз хабарлар билан тўлдириш жамиятни бошқаришнинг асосий элементи ҳисобланади. Ахборот макони инсон ақл-идрокини чархлашга қаратилган мавзулар ўрнига спорт, шоу-бизнес, мистика, эротика, маиший турмуш машмашалари, осон ва тез бойишга қаратилган шубҳали сюжетлар билан бойитилган ахборотлар билан тўлдирилади

2. МУАММО — МУНОСАБАТ — ЕЧИМ

Одамлар таъсирланадиган ва оммавий муносабат билдиришига мўлжалланган шундай бир муаммо туғдирилади, қандайдир “вазият” яратиладики, аҳолининг ўзи ҳукмрон доирлар учун керак бўлган чоралар ва қарорлар қабул қилиниши талаб қила бошлайди. Мисол учун фуқаролар гражданлик эркинликларини чеклашга қаратилган бўлсада хавфсизлик чораларини кучайтирувчи қонунлар қабул қилинишини талаб қилсинлар деб шаҳарларда зўравонликларга атайлаб йўл қўйиб қўйилади ёки қонли террористик хуружлар уюштирилади. Инқирозлар ўз-ўзича туғилмаслигини яхшилаб тушуниб олишимиз зарур.

3. ТАДРИЖИЙЛИК (БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ)

Аҳолини ўртасида норозилик келтириб чиқарадиган чора-тадбирлар тадрижийлик асосида, босқичма-босқич амалга оширилади. 1980 ва 1990-йиллардаги тамойил жиҳатдан янги глобал ижтимоий-иқтисодий шароитлар (неолиберализм) худди шу тарзда тиқиштирилган эди. Оқибатда давлатнинг функциялари минимум даражага тушиб қолди, давлат мулкини хусусийлаштириш оммавий тус олди, жамиятда эртанги кунга ишонч ва барқарорлик йўқолди, оммавий ишсизлик авж олди, муносиб турмуш шароитини таъминлайдиган маош йўқолди. Агар бу ишлар босқичма-босқич эмас, бирданига амалга оширилганда эди шаксиз инқилоблар юз берарди.

4.ИЖРОНИ КЕЙИНГА ҚОЛДИРИШ, МУҲЛАТНИ ЧЎЗИШ

Аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўладиган қарорнинг “тафтини сўндириш”нинг яна бир усули – уни “оғриқли ва ўта зарур” муаммо сифатида тақдим этиш ҳамда фуқароларни бу муаммони ҳал этишга қаратилган қарорни келажакда амалга оширилишига кўндиришга эришишдир. Одамлар айни пайтда эмас, келажакда қурбон беришга тезроқ ва осонроқ рози бўлишади. Хўш, одамлар нима учун бунга рози бўлишади? Биринчидан, норозиликка сабаб бўладиган қарор дарҳол қабул қилинмайди. Иккинчидан халқнинг жуда катта қисми “эртага ҳамма нарса яхши томонга ўзгаради” ва шу боис ундан талаб қилинаётган қурбонликдан қутилиб қолиш мумкин деган содда хомхаёлларга берилишга мойилдир. Бу усул вақти-соати келиб аҳолини гарданига оғир юк бўлиб тушадиган қарор қабул қилинганида одамлар ўзгаришларга ўй-фикрларида анчайин кўниккан бўлади ва бу қарорни жимгина бош эгиб қабул қилади.

5. ХАЛҚНИ ЁШ БОЛАГА АЙЛАНТИРИШ

Кенг оммага қаратилган тарғибот маърузаларининг аксариятида далиллар, персонажлар, сўз ва унинг оҳанги шундай танланадики, гўёки тарғиботчи мактаб ёшидаги болалар ёки ақлан ривожланмай қолган индивидлар даврасида иштирок этаётгандек. Кимдир тингловчини батамом чалғитишга уринаётган бўлса, у шу даражада фикран, ақлан ўсмай қолган одамларга мўлжалланган сўз оборотини қўллайди. Хўш, у нима учун бундай усулни қўллайди? Кимдир одамларга худди 12 ёшли болакайга мурожаат қилгандек сўзласа, табиийки эшитувчининг жавоби ва муносабатида ҳам болаларга хос бўлган танқиддан холи баҳо ва жавобга эга бўлади.

6. ҲИССИЁТГА УРҒУ БЕРИШ

Ҳис-ҳаяжонга таъсир кўрсатиш одамларни воқеаларни рационал таҳлил этиш уқувини жиловлаб қўйиш орқали охир-оқибат атрофда содир бўлаётган воқеаларни танқидий идрок кўникмасидан мусово қилишга қаратилган классик нейролингвистик дастурлаш усули ҳисобланади. Бошқа томондан эса ҳиссиётга берилиш омилидан фойдаланиш онг остига фикрлар, истаклар, қўрқув, хавотир, мажбурлаш ёки жамиятдан ўзини тутишнинг барқарор моделини жойлаб қўйишга ҳам йўл очади. Очлар ва хўрланганларнинг чекаётган азоб-уқубатлари, ҳукуматнинг адолатсизлиги, терроризмнинг шавқатсизлигини ҳиссиётга берилиб лаънатлаш жамиятда содир бўлаётган воқеаларнинг ҳақиқий сабабларини парда ортига берикитади. Ҳис-ҳаяжон – мантиқнинг душмани.

7. АҲОЛИНИ АҚЛИНИ ЗАИФЛАШТИРИШ (ДУМБУЛ ОДАМГА АЙЛАНТИРИШ)

Одамларни бошқариш ва уларни ҳукумат иродасига бўйсундириш учун қўлланилаётган усул ва методларни фуқаролар англаб етишга идроки етмаслигига эришиш – муҳим стратегиядир.Жамиятнинг паст табақасига берилаётган таълим сифати ўртамиёна бўлиши лозим, токи жамиятнинг паст табақаларини олий табақадан ажратиб турувчи жаҳолат паст табақа енгиб ўта олмайдиган даражада бўлиши шарт.

8. ЎРТАМИЁНАЛИКНИ УРФГА АЙЛАНТИРИШ

Ҳокимият эгалари зеҳни паст, фаросатсиз, ҳаёсиз ва тарбиясиз бўлиш ҳозир урфда деган қарашни оммага сингдириш пайида бўлишади. Бу усул юқоридаги метод билан чамбарчас боғлиқ, шу боис замонавий дунёда ўртамиёналик ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида – диний соҳадан тортиб илм-фангача, санъат ва сиёсатда жуда катта миқдорда намоён бўлмоқда. Жанжаллар, “сариқ матбуот”, жовдугарлик ва магия, шубҳали, беъмани юмор ва популистик акциялар – буларнинг барчаси ягона мақсадга эришишга қаратилган: одамлар реал, ҳақиқий ҳаётнинг чексиз бағридаги чин ҳақиқатларни англаш даражасида онгли бўлишига йўл қўймаслик.

9. АЙБДОРЛИК ҲИСИНИ ПАРВАРИШЛАШ

Яна бир вазифа – инсонни шахсий бахтсизликларида ақлий салоҳияти пастлиги, уқувсизлиги ва етарли даражада сайи-ҳаракат кўрсата олмаётганлигидир, шу боис бу учун фақат ўзинг айбдор деган ҳисни сингдириш.Бунинг натижасида одам иқтисодий тизимнинг ноқисликларига қарши бош кўтариш ўрнига, ўзини камситиб, барчасига ўзини айблай бошлайди, натижада эса тушкунликка тушиб қолади, бу эса кўпгина нохушликлар билан бирга ҳаркатсизликка олиб келади.

10.ИНСОН ФЕЪЛ-АТВОРИНИ АЪЛО ДАРАЖАДА БИЛИШ

Кейинги 50 йилда фан тараққиёти оддий одамларнинг билимлари билан ҳукмрон синфлар эга бўлган ва фойдаланаётган маълумотлар ўртасидаги фарқни ниҳоятда катталаштириб юборди.Биология, нейробиология ва амалий психология туфайли давлат тузилмалари инсоннинг ҳам физиологияси, ҳам психикасига тааллуқли энг замонавий билимларни қўлга критди. Давлат тизими инсон ҳақида унинг ўзидан кўра кўпроқ нарсани биладиган бўлди.

Рус тилидан Жалолиддин САФОЕВ таржимаси