Президент қарори: Марказий поликлиникалар таркибида фтизиопульмонология бўлимлари ташкил этилади

“2023–2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра:

туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар таркибидаги фтизиатрия бўлимлари ва хоналари негизида фтизиопульмонология бўлимлари ташкил этилади;

вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидаги бош пульмонолог штатлари ҳудуддаги фтизиатрия ва пульмонология марказларига ўтказилади;

тунги уйқу сифати ва нафас олиш функцияси бузилишларини ташхислаш ва даволаш мақсадида “Уйқу апноэ” марказлари ташкил қилинади.

2023 йилдан ҳар йили:

латент туберкулёз инфекциясига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача;

латент туберкулёз инфекциясига чалинган шахсларни даволаш қамрови 21 минг нафаргача;

туберкулёз микобактериясини бир вақтнинг ўзида 1- ва 2-қатор туберкулёзга қарши дори воситаларига резистентликни аниқлайдиган тезкор ген-молекуляр ташхислаш қамрови 120 минг нафаргача;

туберкулёз билан касалланган беморларни дори воситалари билан таъминлаш 18 минг нафаргача етказилади.

2023 йил 1 мартгача:

туберкулёз билан касалланишга мойиллиги бўлган хавф гуруҳига мансуб шахслар рўйхати тузилади;
Фтизиатрия касалликларининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилади.

“Ўпка саломатлиги” мобил бригадаси доирасида олис, чекка, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳолига бепул тиббий кўрик доирасида скрининг тадбирлари ўтказилади.