Ўзбекистонда ишга жойланмаган битирувчилари кўп бўлган ОТМ фаолияти тугатилиши мумкин

Ўзбекистонда ишга жойланмаган битирувчилари сони кўп бўлган ОТМ сифатсиз таълим бераётган муассаса деб топилиши ва келажакда уларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, вазирлик раҳбари Иброҳим Абдураҳмонов олий таълим муассасалари ректор ва масъул проректорлари билан кенгайтирилган онлайн форматда йиғилиш ўтказди. Унда ОТМдаги иқтидорли талабалар рўйхатини тузиш ва улар билан алоҳида ишлаш механизмини йўлга қўйиш масаласида таклифлар берилди.

Олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши, ишга жойланмаган битирувчилари сони кўп бўлган ОТМ сифатсиз таълим бераётган муассаса деб, топилиши ва келажакда уларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Йиғилишда ОТМларни муқобил энергетикасига ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Вазир қуёш панеллари ОТМнинг йиллик электр энергия сарфининг камида 70 фоизини қоплаши шартлигини таъкидлаб, бу мақсадга эришиш учун барча таълим муассасаларининг мавжуд ўқув, лаборатория, ёрдамчи ва ётоқхона биноларининг том қисмини мутахассис жалб қилган ҳолда техник томонлама қуёш панелларини ўрнатиш имкониятини аниқлаш ва қуёш панелларини ўрнатишга сарфланадиган харажатлар сметасини тузиш бўйича топшириқ берган.