Тошкентда ёш қизлар йўқоляптими?

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда қизлар йўқола бошлагани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовга кўра, Telegram’да тарқалган қизларнинг ғойиб бўлаётгани ҳақидаги хабарлар гўёки бу воқеалар бир-бири билан узвий боғлиқдек тасаввур уйғотсада, ҳақиқатга тўғри келмайди. Буни қизларнинг турли кунларда, турли жойларда ғойиб бўлгани ҳам тасдиқлайди, дейилади ОАВ маълумотида.

«Балоғат ёшига қадам қўяётган ўсмирларда уйдагилари билан чиқишмай қолиш ёки оиласидагиларга жаҳл қилиб бува-бувисиникига, дугонасиникига ёки бошқа қариндошлариникига кетиб қолиш тез-тез кузатилиб туради. Бу билан бундай хабарларга лоқайдмиз демоқчи эмасман. Бу каби хабарлар тарқалиши билан назоратга олинади ва тегишли хизматлар ёрдамида суриштирувлар ўтказилади. Ҳозирча қизларнинг йўқолгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларнинг бирортаси тасдиғини топгани йўқ. Чунки уларнинг ҳаммаси йўқолгани ҳақида 102 га ариза келиб тушган куни ё эртасига тезкор ходимлар томонидан топилган», —дейди Шохруҳ Ғиёсов.

Ғиёсовнинг айтишича, кимлардир турли вақтларда йўқолган қизлар ҳақидаги хабарларни турли жойлардан олиб умумлаштирган ва воқеликка ваҳимали тус беришга, бу орқали аҳоли орасида саросима тарқатишга уринган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча ҳафта аввал Янгиҳаёт туманида 12 яшар қизча бедарак йўқолган ва кейинчалик унинг жасади топилганди. Уни зўрлашда айбланган шахс қамоққа олинган.