Қирғизистонда депутатлар педофилларга ўлим жазоси бериш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилди

Қирғизистонда депутатлар педофилларга ўлим жазоси берилиши бўйича референдум ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Қирғизистонлик депутат Дастан Бекешев Twitter’да бу ҳақда маълумот берди. У 61 парламентарий президентга педофилларга нисбатан ўлим жазоси тайинлаш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилаётганини айтди. Тез орада Жоқоргу Кенеш қарори лойиҳаси кўриб чиқиш учун киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда бир қанча халқ депутатлари вояга етмаганларни зўрлаганларга жазони кучайтиришни илгари сурганди. Хусусан, улар кимёвий кастрацияни жорий этиш ташаббуси билан чиққан.

Қирғизистонда ўлим жазосига мораторий жорий этилган. 1998 йилда давлат раҳбари Асқар Акаев Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 50 йиллиги муносабати билан ўлим жазосига икки йиллик мораторий киритди. Кейинчалик муддат яна узайтирилган. Қирғизистон Жиноят кодексида ўлим жазоси, умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган.