Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оиласига бериладиган имтиёзлар кўпаяди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Электрон технологияларни ривожлантириш марказининг ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларга имтиёз ва кафолатлар берилади. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда сўз борган.

Ҳужжат билан 2023 йил 1 майдан бошлаб ҳарбийлар оиласининг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун олинадиган пул таъминотининг (иш ҳақининг) 50 фоизи миқдорида белгиланди.

Оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, 23 ёшга тўлмаган фарзандлари) даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Энг муҳим жиҳат шуки, энди оилалар белгиланган тартибда турар жойга муҳтож деб тан олинган тақдирда, турар жой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади.

Қонунчиликда белгиланган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартибига мувофиқ узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларини олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби татбиқ этилади (мулкида тураржой бўлмаган тақдирда).

Шуниндек, 2023 йил 1 июндан бошлаб ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг ота-оналарига йилига икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оила аъзоларига:

• ушбу ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хизматни ўтаган масъул вазирлик ва идораларнинг тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Шунингдек, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдамни устувор равишда олиш ва навбатдан ташқари шифохонага ётқизиш имконияти яратилади;

• юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилади;

• навбатдаги йиллик меҳнат таътилидан қулай вақтда фойдаланиш, шунингдек, йилига икки ҳафтагача муддатга иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил олиш ҳуқуқи берилади.