Хоразмдаги педофил амалдорлар қандай жазога лойиқ эди?

Хоразмдаги давлат амалдорларининг жинояти жамиятдаги ахлоқий муҳит қай ҳолатга келиб қолганини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан айбланувчиларга қўйилган айб ҳамда белгиланган жазо эса тергов ва судлар одилликдан қанчалик йироқлигини яна бир бор фош этиб берди. Қилмиш қанчалар жирканч бўлмасин, судланувчилар «қарға қарғани кўзини чўқимайди» қабилида қўллаб-қувватлангани яққол кўзга ташланиб қолди.

Хоразм вилоятида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва Янгиариқ тумани ФВБ раҳбари 15-17 ёшлардаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келгани ижтимоий тармоқларни ларзага келтирмоқда. Таҳририятда мавжуд маълумотларга кўра, меҳрибонлик уйининг вояга етмаган тарбияланувчилари узоқ вақт (қарийб 1 йил) давомида таҳдид остида, руҳий ва жисмоний босимлар билан жинсий алоқа қилишга мажбур қилинган.

Қуйида суд ҳукми билан судланувчиларга тайинланган Жиноят кодексининг тегишли моддаларини таҳлил қилиб кўрамиз.

Суд томонидан икки мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддасида (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган ҳамда уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ойдан муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

2022 йил декабр ойида иш апелляция тартибида кўриб чиқилган ва биринчи инстансия суди томонидан чиқарилган қарор ўзгартиришсиз қолдирилган.

Воқеаларни таҳлил қила туриб судланувчилар енгил жазо назарда тутувчи моддалар билан айбдор деб топилгани ҳамда жазо тайинланганини кўриш мумкин.

Вояга етмаган, ҳимоясиз, ҳар томонлама жиноятчиларга тўла қарам ожиз қизалоқлар муттасил жинсий зўравонликка учраган.

Аслида бу каби қилмиш Жиноят кодексининг 118-моддасининг бир нечта қисми ва бандлари билан малакаланиши керак эди.

Эътибор беринг, ушбу модда қандай қилмиш учун жазони назарда тутади:

Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш —

икки ёки бир неча шахсга нисбатан;
такроран бир гуруҳ шахслар томонидан;
шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда.
Бунинг учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Воқеалар хронологияси эса айнан юқорида саналганларга тўла мос тушаётганини кўрамиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2010 йил 29 октябрдаги «Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга доир ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 13-сон қарорига кўра, номусга тегиш деганда (Жиноят кодексининг 118-моддаси), аёл жинсидаги шахс билан унинг эркига қарши ёки эркидан ташқари зўрлик ишлатиб, қўрқитиб (таҳдид этиб) ёхуд жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, табиий усулда жинсий алоқа қилиш тушунилиши лозим.

Таҳдид этиш деганда жабрланувчининг қаршилигини енгиш мақсадида уни жисмоний зўрлик ишлатиш нияти аниқлигини ифодаловчи ҳаракатлар ёки сўзлар билан қўрқитиш тушунилиши лозим. Таҳдид этиш номусга тегиш пайтида жабрланувчининг қаршилигини енгиш усулларидан биридир.

Зўрлик, таҳдид нафақат жабрланувчига, балки унинг яқин қариндошларига ҳамда жабрланувчида уларга нисбатан муайян масъулият мавжуд шахсларга нисбатан (масалан, ўқитувчи — ўқувчиларга, тарбиячи тарбияланувчиларга ва ҳ.к.ларга нисбатан) ҳам қўлланган бўлиши мумкин.

Жиноят кодексининг 118-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби 128-моддада назарда тутилган жиноят таркибидан қандай фарқ қилади?

Оддий қилиб тушунтирганда, Жиноят кодексининг хоразмлик педофил-амалдорларга қўлланган 128-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш зўрлик ёки таҳдид қўлламаган ҳолда амалга оширилаётган ҳаракатлар хусусияти ва моҳиятини англаган жабрланувчининг розилиги билан содир этилган ҳолдагина келиб чиқади.

Агар шахс номусга тегиш вақтида бирин-кетин бир неча марта жинсий алоқа қилган бўлса ва иш ҳолатлари айбдорда муайян бир шахсга нисбатан мазкур айнан ўхшаш ҳаракатларни содир этишга нисбатан ягона қасд мавжудлигидан далолат берса, қилмиш Жиноят кодексининг 118-моддаси тегишли қисмлари бўйича квалификация қилиниши лозим бўлган битта давомли жиноят сифатида кўрилиши лозим.Шунга ўхшаш ҳолат бир неча шахсга нисбатан содир этилганда Жиноят кодексининг 32-моддасига мувофиқ, такроран жиноят содир этилган деб топилади. Жиноят кодексининг 118-моддаси иккинчи қисми «в» банди билан, нафақат бевосита номусга теккан шахсларнинг ҳаракатлари, балки жабрланувчига нисбатан зўрлик ёки таҳдид қўллаш орқали уларга кўмаклашган шахсларнинг ҳаракатлари ҳам квалификация қилиниши лозим. Бунда қайд этилган жиноят таркиблари обектив томонида назарда тутилган ҳаракатларни шахсан содир этмаган, бироқ зўрлик ёки таҳдид қўллаш орқали бошқа шахсларга жиноят содир этишда кўмаклашган шахсларнинг ҳаракатлари гуруҳ бўлиб номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жиноятининг шерик ижрочиси сифатидаЖиноят кодексининг 28-моддасига ҳавола қилинмаган ҳолда квалификация қилиниши керак бўлади.

Юқорида таъкидланганидек, меҳрибонлик уйининг вояга етмаган тарбияланувчилари узоқ вақт (қарийб 1 йил) давомида таҳдид остида, руҳий ва жисмоний босимлар билан жинсий алоқа қилишга мажбур қилинган. Бу асос икки амалдорнинг қилмишига нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси эмас, аслида 118-моддасининг 3-қисми «а» банди қўлланиши лозимлигини кўрсатмоқда. 118-модданинг 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилган шахсга эса ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.

Мазкур ҳолатлар хоразмлик амалдорларга нисбатан суднинг ҳукми қанчалик қонуний ва адолатли бўлганини шубҳа остида қолдиради.Бош прокуратура Олий судга кассация протести киритди. Демак, ҳали ҳаммаси тугагани йўқ. Ушбу мақолада ёдга олганларимиз эса Олий суднинг одил судяларига «шпаргалка» вазифасини ўтаса ажаб эмас.