Эронда ҳижоб қоидалари бузилгани учун бир кунда 150 дан ортиқ дўкон ва ресторанлар ёпилди

Ўтган бир кун давомида Эрон полицияси аёлларнинг ҳижоб ўраш мажбуриятига риоя қилинмагани учун мамлакатдаги 137 та дўкон ва 18 та ресторанни ёпиб қўйди, деб хабар бермоқда Al Arabiya телеканали.

Муассасалар ёпилиши полициянинг кузатув камералари ва юзни таниш технологиясидан фойдаланган ҳолда қонунни бузган аёлларга қарши кураш режасини амалга оширишга киришгани ҳақидаги баёнотидан бир кун ўтиб содир бўлди.

Бир ҳафта аввал Эрон полицияси бошлиғи Аҳмад-Реза Радан ҳижобсиз аёллар “ақлли” ускуналар ёрдамида аниқланиши ҳақида огоҳлантирган эди. Бундан ташқари, агар йўловчи аёллар кийиниш қоидаларини бузса, автомобиль эгаларига огоҳлантириш SMS-хабарлари юборилади.

“Сўнгги 24 соат ичида полиция томонидан бир неча юзлаб қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилди ва автомобиль эгалари SMS орқали хабардор қилинди”, — деди полиция вакили Саид Монтазеролмаҳди.

Ҳукумат бу усул ҳижоб қонунига қарши чиқишларнинг олдини олишга ёрдам беришига ишонмоқда. Эронда ҳижобга қарши намойишларга 2022 йили ҳижоб қоидаларини бузганликда айбланиб ҳибсга олинган ёш курд аёл Маҳса Аминийнинг полиция ҳибсхонасида ўлгани сабаб бўлганди.

Аминийнинг вафотидан кейин ҳибсга олиниш хавфи борлигига қарамай, йирик шаҳарларда рўмолини ечган аёллар сони ортган. Полиция янги тизим “ҳижоб қонунини бузувчиларга ҳужжатлар ва огоҳлантириш хабарларини” аниқлаш ва юбориш учун “ақлли” камералар ва бошқа воситалардан фойдаланишни ўз ичига олишини айтмоқда.

1979 йилги инқилобдан кейин қабул қилинган қонунга кўра, Эронда аёллар сочларини ёпиши ва ўз қоматини яшириш учун узун, кенг кийимлар кийиши шарт. Қоидабузарлар жаримага тортилади ёки ҳибсга олинади.