Амалдорлар томонидан зўрланган меҳрибонлик уйи қизлари ишини кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилди

Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари зўрлангани бўйича жиноят ишини кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилди. Бу ҳақда Олий суд жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Обидов эълон қилди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг суд мажлисида прокурор судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 416-417-моддалари тартибида судланувчиларга янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун жиноят иши ҳужжатларини айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш тўғрисида ажрим чиқаришни сўради.

Апелляция инстанция судлов ҳайъати прокурор илтимосномасини қаноатлантириб, судланувчилар А.М. ва А.К.га оид жиноят иши бўйича ажрим қабул қилиб, Хоразм вилоят прокурорининг ўринбосарига юборилди ва жиноят ишини кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилди.

Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари зўрлангани иши

Зўравонликка қарши курашувчи “Nemolchi.uz” лойиҳаси Хоразм вилоятида 3 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи томонидан зўрлаб келинганини хабар қилганди. Жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмига кўра, меҳрибонлик уйи мудирасига 5 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ёш болалар билан жинсий алоқада бўлган икки масъулга эса 1,5 йилга озодликни чеклаш жазоси белгиланган.

Судланган А.М. ва А.К.га енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан 29 март куни Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган. 6 апрель куни иш Олий судда кўриб чиқилиб, ҳукмнинг А.М. ва А.К.га оид қисми бекор қилинган ҳамда апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилганди.

Мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда.