Сирдарёда эркак ўз ити тишлаши оқибатида қутуриш касаллигидан вафот этди

Сирдарё вилояти Боёвут туманида 64 ёшли эркак ўзининг ити тишлаши оқибатида вафот этди. Санитария-эпидемиология қўмитаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 2023 йил 18 июль куни соат 19:20 да қутуриш касаллигига гумон қилиниб, бир нафар 64 ёшли фуқаро А.С. (эркак) ётқизилган. Фуқарони 2023 йил февраль ойида ўзининг 3 ёшли, қора рангли ити чап оёқ болдир соҳасини тишлаган. Июль ойигача бўлган вақт давомида бемор тиббиёт муассасасига мурожаат қилмаган.

Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонаси томонидан ўтказилган даво муолажасига қарамасдан, бемор 19 июль куни соат 21:35 вафот этган. Бемордан намуна олиш учун патологик анатомия текширувига жўнатилди. Марҳумга жароҳат етказган итни бошқа фуқароларга жароҳат етказганлигини ўрганиш ва касалликнинг олдини олиш мақсадида марҳум яшаш манзилида штаб ташкил этилди.

Тиббиёт ходимларидан иборат 10 та гуруҳ тузилиб, 32 нафар тиббиёт ходими хонадон айланиш тадбирларига жалб этилди. Санепидқўмитанинг Боёвут тумани бўлими 10 нафар ходимлари эпидемиологик суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Сирдарё вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқарма масъуллари ҳамда туман мутахассислари томонидан маҳалладаги барча хонадонлардаги итларни, мушукларни қутуриш касаллигига қарши эмлаш тадбирлари олиб борилмоқда.