Буюк Британияда Гулнора Каримовага тегишли 20 миллион фунт стерлингдан ошадиган 3 та мулк мусодара қилинди

Кеча, 8 август куни Қиролликнинг Жиддий фрибгарлик ишларини ўрганувчи бюроси (Serious Fraud Office, SFO) томонидан Гулнора Каримовага тегишли бўлган учта ҳашаматли мулкни мусодара қилиш ҳақида даъво Буюк Британия Олий суди томонидан қаноатлантирилди.

20 миллион фунт стерлингдан ошиши айтилаётган 3 та мулкнинг иккитаси Лондоннинг нуфузли Белгравиа туманида жойлашган, яна биттаси эса Суррейдаги уй ҳисобланади.

Расмий билдирувда SFO, Ўзбекистоннинг собиқ президенти қизи бўлган Каримова ушбу мулкларни коррупцион фаолияти ортидан сотиб олганини таъкидлайди. Шунингдек, бюро Каримованинг 2004-2012 йиллар давомида телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига киришига ёрдам бериш эвазига юзлаб миллион доллар пора олганини қистириб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова 2019 йил баҳоридан бери жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтамоқда.