Қирғизистон ким кўпроқ ҳайдаса, кўпроқ тўлайди тамойилига ўтмоқчи

Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги республикадаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш учун тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда. Солиқдан ташқари тушумлар тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, деб хабар бермоқда “24.kg”.

Қирғизистонда автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 34 минг километрни ташкил этади, шундан 19 минг 840 километри Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги тасарруфидаги умумий фойдаланишдаги йўллардир. Йўловчи ташишнинг қарийб 98 фоизи ва юк ташишнинг 96 фоиздан ортиғи улар ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бирга, ҳар йили йўл қопламаси эскиради, бу эса ишчиларнинг иш ҳақини ҳисобга олмаганда, материаллар, ускуналар, ёқилғи мойлаш материалларига доимий равишда пул сарфлашни талаб қилади.

“Ислоҳотлар доирасида Йўл жамғармаси тузилди, унинг асосий мақсади йўл хўжалигини кейинчалик молиялаштириш учун даромад қисмини кўпайтиришдан иборат”, дейди вазирлик.

Жамғарманинг манбалари қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган даромадлар: ёқилғи-мойлаш материалларига аксиз солиғининг 50 фоизи, йўл ва транспорт билан боғлиқ йиғимлар ва жарималар (рўйхатга олиш, рухсатномалар, тарози ўлчаш, сунъий иншоотларда юриш), республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардир. Улардан олинадиган даромад йўлларни меъёрга келтириш учун етарли эмас.

Қирғизистонда йўлларни хавфсиз стандарт ҳолатда сақлаш учун йилига 10 миллиард сомга яқин маблағ талаб қилинади.

Билдирилишича, республика бюджетидан 2 миллиард сомга яқин маблағ ажратилмоқда, бу эса йўлларнинг 1 километри учун тахминан 100 сомни ташкил этади, бу эса йўлларни тўғри сақлаш учун аҳамиятсиз.

Вазиятни ўзгартириш учун Транспорт вазирлиги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш учун тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда. Бу ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳар бир литр ёқилғи учун тўлов олишни назарда тутади. Бу ким кўпроқ ҳайдаса, кўпроқ тўлайди тамойили амалга ошириладиган мамлакатлар амалиётини назарда тутади.

Бироқ, аниқ қанча тўлаш кераклиги ҳозирча номаълум. Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш учун йиғимларни ундириш тартиби ва миқдори Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан алоҳида тасдиқланади.