Россияда мигрантларнинг пул ўтказмалари учун 30 фоизлик комиссия ундириш таклиф қилинди

Россиялик сиёсатшунос Алексей Ярошенко меҳнат мигрантлари Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонга пул ўтказганида улардан мажбурий комиссия ундиришни, шунингдек, ушбу республикалардан Россияга борувчиларнинг банк карталарига хизмат кўрсатиш тўловини оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда у “360” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг фикрича, Россияда муҳожирлар билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд. Мамлакатга меҳнат муҳожирларининг кириб келиши жиноятчиликнинг кучайишига ва пулнинг хорижга чиқиб кетишига сабаб бўлган. Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил охирида мамлакатда бир вақтнинг ўзида оила аъзоларини ҳисобга олмаганда 3,5 миллиондан ортиқ қонуний меҳнат муҳожири бўлган. Ўтган йили Марказий Осиёдан борган муҳожирларга икки миллионга яқин меҳнат патенти берилган.

“Сўнгги бир неча йил ичида ноқонуний муҳожирлар сони йилига ўртача 800 мингдан ортиқ бўлиб қолмоқда”, дейди Алексей Ярошенко.

Муаммони ҳал қилиш учун Ярошенко Россияни меҳнат миграцияси учун камроқ жозибадор қилишни таклиф қилади. У, биринчи навбатда, мамлакатдан пул олиб чиқишга тўсиқ қўйиш, яъни Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ўз ватанига пул ўтказганида комиссия жорий этишни таклиф қилган.

“Агар Россия банкининг мижози ўз уйига пул ўтказса, у ўтказиш мақсадидан қатъи назар, сумманинг 30 фоизини тўлаши керак. Банк бу пулни федерал бюджетнинг махсус жамғармасига ўтказади, бу пул Россияда қолишига ёрдам беради”, дея таъкидлаган у.

Сиёсатшуноснинг гапига қараганда, Марказий Осиёдан борган муҳожирлар ҳар йили ўз ватанларига бир неча миллиард рубль ўтказган. Унинг сўзларига кўра, бу пуллар мамлакатдан ташқарига чиқиб кетган.

“Худди шу нарса 2012-2014 йилларгача катта миқдорда пул ўтказган Украина фуқаролари билан содир бўлган. Биз бу мамлакат билан яхши қўшничилик муносабатларини сақлаш йўлларидан бири деб ўйлагандик. Бундай нарса йўқ: миллиардлар оқиб кетди ва барча украиналиклар биздан нафратланади”, дейди Алексей Ярошенко.

Бундан ташқари, Ярошенко Россия банкларида Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон фуқароларининг банк карталарига хизмат кўрсатиш учун ҳақни оширишни ҳам таклиф қилган. Шунингдек, у нақд кўринишдаги пул олиб чиқиш лимитини камайтириш лозимлигини таъкидлаган.