Логопед Дилором Жабборовага нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Нуқсони бор болаларни ноодатий даволаш билан шуғулланган логопед Дилором Жабборовага қарши жиноят иши очилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.

Дилором Жабборованинг дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга уринган ҳолати ўрганилиб, усул «илмий асосланмаган ва педагогика қоидаларига зид» деб топилди. Шунингдек, у алдаш ва одамлар ишончини суиистеъмол қилишда айбланиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-кисмига мувофик фирибгарлик бўйича жиноий иш очилди.

Ҳозирда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, унинг болаларни даволаш бўйича “метод” лари ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Маълумот учун, Дилором Жабборованинг Instagram саҳифасида 538 минг обуначиси бор, YouTube’да эса уни 25 мингдан, Телеграмъда 8 мингдан ортиқ киши кузатади.

Ўтган йил декабр ойида у Жиззах шаҳрида ўтказилган семинар давомида бир болани даволаётгани акс этган видео тарқалган ва ҳолат омбудсман назоратига олинганди.