Рақобат қўмитаси “Ўзбекнефтгаз”нинг бензин шохобчалари билан рўй берган хусусийлаштиришни ўрганмоқда

Рақобат қўмитаси Ўзбекистондаги энг йирик бензин шохобчалари тармоғи – UNG Petro’нинг хусусийлаштирилиши бўйича ўрганиш олиб бормоқда. Бу ҳақда қўмита раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев 20 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Бу масалани ҳозир ўрганяпмиз. Бизда “Рақобат тўғрисида”ги қонунга асосан тегишли механизмлар бор: бозор концентрациясини назорат қилиш нуқтайи назаридан олдиндан розилик олиш масаласи бор. Лекин айрим ҳолатларда истисно тариқасида, агар тегишли қарорлар асосида иқтисодий мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб ва бошқа сабаблар билан алоҳида тартиб белгиланган бўлса, бу механизм қўлланилмайди.

Шунинг учун бу ҳолатда тегишли қонунчилик ҳужжатларига таъсири нуқтайи назаридан ўрганяпмиз, ўрганишларимиз натижаларига кўра қонунчиликка асосан иш кўрамиз”, – деди Фаррух Қорабоев.

Рақобат қўмитаси бу масалани ўз ваколатларидан келиб чиқиб ўрганиши, масаланинг объект давлат активи экани билан боғлиқлик жиҳатларига эса Давлат активларини бошқариш агентлиги изоҳ бериши мақсадга мувофиқ эканини айтди. Эслатиб ўтамиз, Давактив бу хусусийлаштириш жараёни бўйича ахборот бермай келмоқда.

Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига кўра, давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) олинишига доир битимлар президент қарорига биноан амалга оширилган ҳолларда иқтисодий концентрация учун ваколатли давлат органининг олдиндан розилигини олиш тартиби қўлланилмайди.

Gazeta.uz’нинг ёзишича, UNG Petro тармоғига кирувчи 80 га яқин бензин шохобчаларининг умумий нархи улар жойлашган ер нархларини ҳисобламаганда 100 млн доллардан кам турмайди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ аффилланган шахсларининг 2023 йил 15 сентябрдаги рўйхатида “UNG Petro” МЧЖ ва “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ бўлган, лекин 2023 йил 20 декабрдаги рўйхатдан бу икки корхона ўрин олмаган.

UNG Petro ва Чиноз НҚИЗ хусусийлаштирилгани ҳақида жамоатчилик март ойида хабар топди. Ҳар икки актив “Petroleum Technology Group” МЧЖ назоратига ўтган. 2023 йил 4 октябрда рўйхатга олинган ушбу корхонанинг ягона таъсисчиси – собиқ ташқи ишлар вазири Абдулализ Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов ҳисобланади.