“Ўзбекнефтгаз” нинг соф фойдаси икки баробарга камайиб кетишига давлат қўлловининг камлиги сабабми?

«Ўзбекнефтгаз»нинг соф фойдаси 2023 йилда 611,6 млрд сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 52,6 фоизга қисқарди. Охирги уч йилда унинг даромадлари беш бараварга — 3,3 трлн сўмдан 611 млрд сўмгача камайди. Молиявий кўрсаткичларнинг пасайиши капитал, тақсимланмаган ва ялпи фойдада кузатилган.

2023 йилда «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг соф фойдаси икки баробардан кўпроққа камайди, дея хабар бермоқда Spot.uz Kapital Depozit инвестицион компаниясига таяниб.

Қайд этилишича, ўтган йили акциядорлик жамиятининг соф фойдаси 611,6 млрд сўмни ташкил этган, бу 2022 йилга нисбатан 52,6 фоизга камдир. Охирги 3−4 йил ичида компания фойдаси 5 баробарга камайган.
Нефть-газ компаниясининг активлари қарийб 90 трлн сўмга етган (олдинги йилга нисбатан 13,1 фоизга ўсган), даромади эса 14,7 трлн сўмни (+11,2 фоиз) ташкил этган.

«Ўзбекнефтгаз» дивиденд тўловларини сезиларли даражада оширган, унинг миқдори йил давомида икки бараварга — 2,5 трлн сўмгача кўпайган.

Узоқ муддатли банк кредитлари бироз қисқариб, 18 трлн сўмдан 17,6 трлн сўмгача камайган. Ўз навбатида, қисқа муддатли кредитлар уч бараварга — 746,8 млрд сўмдан 2,2 трлн сўмга ошган, дейилади хабарда.

Мажбуриятларнинг бузилиши ва давлат томонидан қўллаб-қувватланиш эҳтимоли камайгани сабабли прогноз «салбий»га ўзгарган.

Компания 2024 йил охиригача 29,3 млрд метр куб газ қазиб олиш учун газ қудуқларини бурғилашга 320 млн доллардан ортиқ, уларни таъмирлашга 45 млн доллар сарфлаш ва 79,6 млн долларлик геологик қидирув ишларини олиб боришни режалаштирмоқда. Бу ҳажм аввалги прогнозлардан 4,8 млрд куб метрга кам.