Тошкент шаҳридаги иккита ЙТҲда 10 та автомобиль шикастланди

Тошкентда 24 март куни содир бўлган иккита ЙТҲда 10 та машина шикастланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Чилонзор тумани Тахтагул—КХАЙ кўчалари кесишган чорраҳада соат 00:10 лардаги ЙТҲ BMW, Matiz, Kia ва Malibu-2 автомашиналари иштирокида содир бўлган.

BMW автомашинаси ҳаракат давомида Matiz орқа қисмига бориб урилиб, сўнг КХАЙ кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Kia автомашинаси чап томонига урилган. Бунинг зарбидан Kia автомашинаси бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган Malibu-2 билан тўқнашган.

Оқибатда BMW ҳайдовчиси ва уч нафар йўловчиси, шунингдек, Kia автомашинаси ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчиси тан жароҳат олган. Уларга шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу куни соат 21:10 ларда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасида 6 та автомашина — Matiz, Lacetti, Epica, Lacetti, Nexia-3, Nexia-2 олдинма-кетин урилган.

Йўл транспорт ҳодисасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.