Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида жамоатчилик асосида “Фан кенгашлари” тузилади

Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш ва сифатини оширишга оид режалар тақдимоти билан танишди

Тақдимотга кўра:

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда, тажриба тариқасида, муҳандислик дастурларини жорий қилиш таклиф этилмоқда. Бу дастур “Янги Ўзбекистон” университети дастури билан интеграция қилинади.

Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида жамоатчилик асосида “Фан кенгашлари” тузилади. Бу кенгашлар таълим дастурларини ишлаб чиқиш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга жалб қилинади.

Келгуси ўқув йилидан 14 та мактабда фанларни инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш, 2025-2026 йилларда 8 та янги ихтисослашган мактаб қурилади.

Мактабни битириш имтиҳонларида олий таълим муассасасига кириш синовларига мос фанни танлаш имконияти яратилади.

Ижод мактабларида “Тасвирий санъат ва чизмачилик” фани ўрнига “Санъат” фани киритиш таклиф этилмоқда. Бунда фақат расм чизиш эмас, балки рангтасвир, ҳунармандчилик, кинематография, ҳайкалтарошлик ва дизайнга оид кўникмалар ўргатилади.

Шунингдек, йирик корхоналар ва кластерлар қошида ансамбллар тузилиб, маҳаллаларда концертлар, мактабларда маданият кунлари ташкил этилиши белгиланди.