Март ойида сезилган инфляция даражаси 12,7 фоиз бўлди — Марказий банк

Март ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси февралга нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 12,7 фоизни ташкил этди. Бу Марказий банк эълон қилган инфографикада қайд этилган.

Сезилган инфляция даражасининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (17,2 фоиз) ва Фарғона вилоятида (15,3 фоиз) қайд этилди. Энг паст кўрсаткичлар эса Қорақалроғистон Республикаси (9,3 фоиз) ҳамда Жиззах вилоятида (10,1 фоиз) кузатилди.

Аҳоли энг кўп ёнилғи, мева-сабзавотлар, гўшт ва сут нархи ошганини сезди. Шунингдек, шакар ва қандолат нархи ошганини қайд этган респондентлар кўпайди.

Расмий даражадан юқори инфляцияни сезган респондентлар улуши Тошкент шаҳрида энг юқори (75 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида энг паст бўлиб турибди (44 фоиз).

Мартда йиллик инфляция 7,89 фоизгача  секинлашган эди (бу 2016 йил майдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади). Шу тариқа, ой давомида сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги тавофут 4,8 фоизни ташкил этди.