Давлатнинг “эркатойлари”га ажратилган субсидиялар миқдори кескин ошган

2023 йилда Ўзбекистон бюджети тақчиллиги рекорд даражада ортди. Ўтган йили Ўзбекистон консолидациялашган бюджети даромадлари 321,0 триллион сўмни, харажатлари 380,0 триллион сўмни ташкил этди. Бунда харажатлар даромадлардан 59 триллион сўмга кўп бўлиб, бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоизга етган.

Ушбу антирекордга сабаблардан бири қилиб давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларни келтириш мумкин. Негаки, 2023 йилда бюджетдан ажратилган субсидиялар миқдори ҳам кескин ошган.

2022 йилга нисбатан 2,4 баробарга кўп

2023 йил якунларига кўра, давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори 29 трлн 255 млрд сўмни ташкил қилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларда келтириб ўтилган.

Таққослаш учун, 2021 йилда 5 трлн 629,8 млрд сўм, 2022 йилда эса 12 трлн 260,9 млрд сўм миқдорида субсидия ажратилган. Ўтган йилда субсидиялар миқдори рекорд даражада ошиб, 202 -йилга нисбатан 5,2 баробарга, 2022 йилга нисбатан 2,4 баробарга кўпайган.

Энг кўп субсидия қайси ташкилотларга берилган?

2023 йилда субсидия маблағларининг катта қисми қуйидаги мақсадларда ишлатилган:

➖ички бозорда табиий газни улгуржи сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги зарарларни қоплаш – 17,99 трлн сўм (дастлаб бу миқдор 12,4 трлн сўм бўлиши кўзда тутилган);
➖нодавлат мактабгача таълим муассасаларига субсидиялар – 2,74 трлн сўм;
➖иссиқлик таъминоти корхоналари зарарини қоплаш харажатлари – 1,72 трлн сўм;
➖аҳоли томонидан уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар – 1,1 трлн сўм;
➖қишлоқ хўжалиги жамғармасига субсидиялар – 848 млрд сўм;
➖жамоат транспортида йўловчилар ташиш учун субсидиялар – 838 млрд сўм;
➖чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари томонидан етиштириб сотилган маҳсулот учун субсидиялар – 603 млрд сўм.

Шунингдек, геология-қидирув ишларига 1,02 трлн сўм субсидия берилган. Дастлаб ушбу мақсадлар учун 990 млрд сўм йўналтирилиши кўзда тутилган бўлган.