Осиё мамлакатларидаги мактаблар жазирама иссиқ сабаб ёпилмоқда

Бангладешда ҳаво ҳароратининг +42 даражага кўтарилиши сабаб 33 миллион ўқувчи таълим масканларига боролмаяпти.

Хабарга кўра, пайшанба куни Марказий об-ҳаво маъмурияти бир ой давомида тўртинчи марта жазирама ҳақида огоҳлантиргач, мамлакатдаги мактаблар ва коллежлар камида 27 апрелгача ёпилган. Бундай чора-тадбир ўтган йили ҳам, айнан жазирама сабаб қўлланган эди.

Маълум бўлишича, бошида Филиппин ва Ҳиндистондаги мактабларнинг ёпилишига сабаб бўлган кучли жазирама эндиликда бутун Осиё мамлакатларига таъсир кўрсатмоқда.

«Бангладешдаги болалар дунёдаги энг камбағал болалари  қаторига киради. Иссиқ ҳарорат сабаб мактабларнинг ёпилиши барчамиз учун сигнал қўнғироғи бўлиши керак», дейди Бангладешлик болаларни асраш ташкилоти директори Шумон Сенгупта.

Ёмғирлар йўқлиги туфайли ташқари чидаб бўлмас ҳолга келди. Камбағал одамлар жуда кўп азоб чекмоқда», дейди маҳаллий уламолардан бири.
 
УНИCЭФ ҳам Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйлаб 243 миллиондан ортиқ бола иссиқ ҳарорат туфайли касаллик ва ўлим хавфи остида эканлиги ҳақида огоҳлантирган
 
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳар расмийлари ҳам бу ҳафта иссиқлик индекси «ўта хавфли» даражага етиши ҳақида маълум қилган.
 
Маълумотга кўра, жорий йилнинг январидан 17 апрелига қадар Таиландда 30 киши иссиқ уришидан вафот этган.
 
Мянма чегарасида чоршанба куни ҳаво ҳарорати 45 даражадан ошгани айтилади.
 
Апрель бошида Филиппиндаги 47 мингга яқин мактаблар ҳам ҳаддан ташқари иссиқлик туфайли дарсларни тўхтатган.