Фарғоналик шоир Беҳзод Фазлиддинов Фарғона вилоят адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилди. Гап шундаки, Унинг «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» шеърий тўпламидан жой олган «Ҳушёр дўстларим» шеърига муаллифнинг ҳеч қандай розилигисиз қўшиқчи А. Шерматов куй басталаб ижро қилган ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.
Ушбу мурожаат муаллифнинг аризаси асосида вилоят адлия бошқармаси мутасаддилари томонидан ўрганиб чиқилиб, қонуний баҳо берилди.
Ўрганишлар натижасида шоир Б. Фазлиддинга тегишли бўлган «Ҳушёр дўстларим» шеъри муаллифнинг розилигисиз ва лицензия шартномасини тузмасдан қонунга хилоф равишда ижро қилинганлигига ойдинлик киритилди. А. Шерматовга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, тегишли тартибда муаллифнинг ҳуқуқлари тикланди. Ҳуқуқбузарга эса маъмурий жарима жазоси тайинланди.