Узайтирилган ва бекор қилинган қиш таътиллари ёхуд охири кўринмаётган саволларга жавоб излаб…

Мутасаддилар талаба-ўқувчиларни сарсон қилишни ўзлари учун оддий ҳолатга айлантириб олишган кўринади. Бунга мана бугунги вазиятни яққол мисол қилиб келтириш мумкин. Ваҳоланки, талабалар ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йилнинг 26 декабридан 2023 йилнинг 9 январига қадар этиб белгилан эди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2023 йил 5 январь куни эълон қилган хабарига кўра, ўқув машғулотлари 9 январдан эмас, 18 январдан бошланиши маълум қилди. Бунга республикада кутилаётган аномал совуқ сабаб эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу орада бирмунча қизиқ ишлар бўлиб ўтди, қишлоқдан қайтган талабалар ётоқхоналарга киритилмади, улар кўчада қолиб кетди. Бунга бирор бир расмий муносабат ҳам билдирганига кўзимиз тушмади. Негаки улар “байрам” кайфиятида ва “таътил”да юрган кўринади.

Тўғрида, шунча “ишлаб” чарчаган масъуллар бир дам олса олибдида, уларга фуқаронинг ташвиши ортиқча…

Бироз ўтиб янги хабар чиқди, яъники чипта олган талабаларга чегирмали муддатлар узайтирилиб, харажатлар миқдори ўзгартирилмаган тарзда тегишли санага алиштириб берилиши билдирилган. Хўп, қайси чипталар? Ахир ҳамма биладику чегирма эълон қилинган куннинг ўзида чипталар “йўқолиб” қолади. Аслида бу тизимни қанчалик танқид қилинмасин бирор ўзгариш йўқ, кимнингдир пули кўпайишига хизмат қилади.

Энди яна мавзуга қайтамиз. Бугун эса кутилмаганда эртадан дарс бошланиши ҳақида гап урчиди. Биринчи бу хабарларни турли гуруҳларда муҳокама бўлганлиги кўзимиз тушди, бироқ кейинроқ бу буйруқ ҳокимликлар томонидан берилгани маълум бўлди. Яна орадан вақт ўтиб эса вазирлик бу масалага расман тасдиқни босди. Эртадан дарс бошланади… Бундан кейин, ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда талабалар, ота-оналар, журналисту блогерларнинг турли баҳсли фикрлари пайдо бўлди.

Муҳрим Аъзамхўжаев:

Ўзбекистон, унинг халқи, мустақиллиги, келажаги учун энг катта ва жиддий хавф аномал совуқ ё иссиқ эмас, балки ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган аномал ўзбек чиновниклари ҳамда улар қабул қиладиган аномал қарорлардир.

Зафарбек Солижонов:

Эртадан таълим муассасаларида ўқиш бошланади деб эълон қилинди. Ҳокимлар ва айрим вазирлар миясиз бўлиши мумкин. Бунинг эҳтимоллик даражаси ҳам юқори бўлиши керак. Балки кейинроқ бу ҳақда тадқиқотлар ҳам ўтказилар. Уларнинг қўл остидагиларга эса тинчлик керак.

Лекин тепада бирорта ақлли инсон қолганмикин, нега кутилмаганда ушбу қарорга келинди, тушунтириб берадиган. Ваҳима, ҳавотирларимизга амалимиз тушмай қолмаяптими?

Нурбек Алимов:

Олий таълим муассасаларида, профессионал таълим муассасаларида ва академик лицейларда ҳам 11 январдан ўқиш босқичма-босқич бошланади дейишяпти расмийлар. Хозир кўчани айланиб келдим пиёда (чунки камикадземасман)

Қор даҳшат, 5 км тротуарда пиёда юрдим. Мачитти ёни қордан тозаланган холос шу 5 кмда. И то мачитга келган йигитлар тозалашяпти барака топишсин. Қолган ерлар бардак, эрталаб бир киши юрган ва сўқмоқ бўлиб қолган, ҳамма шу бир кишилик сўқмоқда юрибди. Билмадим, бугунги қор ёққан куни эртадан ўқиш деб эълон қилиш жуда ғалати.

Асфальт йўллар ҳам қор, машиналар конкида учиб юрибди. Қишки резина билан ҳам машинада юрмасликка қарор қилдим. Мелисалар ҳам овоз кучайтиргичда уйда ўтиринг деб юришибди. Дараҳтлар қордан синиб кетяпти. Видеода Ободонлаштириш ходимлари билан сой кўпригига тиқилиб қолган дарахтни сойдан чиқаряпмиз. Хуллас вазият чатоқ, Тошкентда эртадан ўқиш бошламаслик керак деб ўйлайман.

Шаҳноза Соатова:

Аввал ўқиш 18 дан бўлади дейишди ва бир суткадан кам вақт қолганда яна 11 дан дарслар деворишди. Кимдир хато қилди ва энди жимлик? Одамларга қарор қабул қилиш жараёнлари қизиқ: қандай бўлади, ким кимга айтади шундай қилайлик деб, ким майли дейди ва охирида ким яна ортга ташлашни сўрайдию ким яна майли дейди? Асосийси, улар нимани ўйлашадию нимани ўйлашмайди? Ундан ҳам муҳими, ҳар бир қарорнинг оқибатини ўйлашга қанча вақт ва ақл сарфлашади? Хулосалар қилинадими? Унда нега бу такрорланаверади?

Жуда муҳим саволлар шу ҳозир. Чунки ҳар куни қанчалаб қарорлар қабул қилиняпти. Миллионларга дахлдор қарорлар, дея фикр қолдирган улар.

Шунда вазирликлар учун қарор қабул қилиш ва уни расман йўққа чиқариш ҳеч гап эмас бўлдими? Бу қарор ортидан қанчалар муаммолар қатор келиши уларнинг хаёлига ҳам келмаган кўринади. Қор ёғиб ўтганидан кейин газ заправкалардаги навбат янада ортади, АЁҚШларда арзонлаштирилган АИ-80 ёқилғиси умуман йўқ, такси пуллари ҳам осмонга қараб ўрлайди…

Қарабсизки, талаба оддий бир масъулиятсизлик, яъни вазирлик мутасаддилари, Вазирлар маҳкамасининг қарорларни ўйламасдан қабул қилиши ортида қийин бир вазиятда қолади. Барчага маълумки мана ҳозирда вазирлар, амалдорларнинг барчаси таътилда. Улар иссиқ ўлкаларда маза қилиб дам оляпти, буёқда эса таълим тизимимиз орқага қараб кетиб боряпти.

Саволлар кўп, муаммолар кўп, бироқ энг ёмони шунча мурожаат ва муаммоларга масъулларнинг бирор сўзсиз худди эшитмаган каби муносабатда бўлиши аламли…