Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро маҳкумларни алмашади — ОАВ

Қозоғистон депутатлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларни жазони давом эттириш учун алмашиш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни маъқуллади. Бу ҳақда Zakon.kz хабар берди.

Таъкидланишича, икки давлат ўртасида маҳкумларни ўтказиш тўғрисидаги битим мамлакат конституциясида белгиланган талабларни амалга оширишга қаратилган.

«Конституцияда айтилишича, Қозоғистон фуқароси, агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, чет давлатга экстрадиция қилиниши мумкин эмас. Бундан ташқари, республика ўз фуқароларини ўз чегараларидан ташқарида ҳимоя қилиш ва ҳомийлик қилишни кафолатлайди. Худди шундай қоида Ўзбекистон конституциясида ҳам мавжуд», — деди Қозоғистон бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев.

Қайд этилишича, ушбу ҳужжатни имзолаш бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида бир неча йил давомида музокаралар олиб борилган. Хулоса чиқаришдан аввал икки давлат ўртасидаги миграция жараёни таҳлил қилиниб, жиноятчилик билан боғлиқ вазиятга таъсири ўрганилди.

«Шартнома шартларига келсак, маҳкумни бошқа жойга ўтказиш учун биринчи навбатда унинг розилиги керак. Бу шахс ўз мамлакатида жазони ўташ нияти ҳақида ариза бериши керак. Яъни маҳкумнинг розилиги инобатга олинади. Масалан, бизда аллақачон 225 нафар судланган Ўзбекистон фуқароси мамлакатимизда жазони ўташ истагини билдирган. Бунинг учун биз маҳкумлар ўртасида махсус сўров ўтказдик. Ўзбекистонда 20 нафар судланган фуқаромиз бор, биз улар ҳам мамлакатга қайтишга эътироз билдирмайди, деб ўйлаймиз. Шартномани ратификация қилиш икки давлат фуқароларининг конституциявий ҳуқуқини таъминлайди», — дея қўшимча қилди Асет Чиндалиев.

Шунингдек, экстрадиция қилиш учун маҳкумнинг ўзи ариза бериши ва унинг розилиги талаб қилинади. У ушбу давлат фуқаролигига эга бўлиши ҳамда жазони ўташнинг қолган муддати камида бир йил бўлиши керак. Иккала давлат ҳам ушбу алмашинувга рози бўлиши лозим.

«Маҳкум мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига путур етказса, миллий қонунчиликка зид бўлса ва шахс суд қилинаётган ёки тергов қилинаётган пайтда унинг молиявий қарзлари бўлса, экстрадиция қилинмайди», — деди Асет Чиндалиев.