“Электрон рецепт” тизими орқали аҳолига дори воситаларини бепул бериш йўлга қўйилади

Даволаш ва ташхис қўйишнинг энг мақбул тизимини жорий этиш, бу орқали аҳолининг умр кўриш давомийлигини узайтириш — тиббиётимиз олдидаги муҳим вазифа.

Шунга кўра, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги тегишли қарори асосида юртимизда Франция, Германия, Норвегия, Россия, Сингапур, Жанубий Корея ва Япония каби ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаси асосида давлат тиббий суғурталаш тизими йўлга қўйилди.

Мазкур ҳужжатда тиббий хизмат кўрсатишнинг янги механизми, давлат тиббий суғуртаси тизими билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ва уни дастлаб Сирдарё вилоятида апробациядан ўтказиш, кейинги йилларда эса республикамизнинг барча вилоятларида босқичма-босқич жорий этиш белгиланган эди.

Ўтган қисқа вақт давомида аҳолига кафолатланган пакет ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар ушбу вилоятда самарали йўлга қўйилди.

2023 йил июль ойидан эса давлат тиббий суғуртаси тизими механизмлари Тошкент шаҳрида татбиқ этилади.

Бунинг учун:

пойтахтимиздаги 72 та поликлиника ва 40 та шифохона компьютер ва тиббий ускуналар билан жиҳозланади, тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилади;

1400 та тиббий бригаданинг 4900 нафар шифокор ва ҳамшираси махсус курсларда ўқитилади;

“электрон рецепт” асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига дори воситаларини бепул бериш йўлга қўйилади;

“Тошкент тажрибаси” асосида кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда 170 та ихчам маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилади;

579 та маҳалла фуқаролар йиғини биносида “Саломатлик мактаби” очилади ва соғлом турмуш тарзини фаол олиб борган, юқори натижаларга эришган фуқаролар рағбатлантириб борилади.