Сўнгги беш йилда Ўзбекистон армияси рейтинги тушиб кетди

Global Firepower Indexнинг жаҳондаги давлатлар армияларининг 2021 йилдаги қудрати рейтингида (Military Strength Ranking) Ўзбекистон 140 давлат ичида 51-ўринни эгаллади.
Рейтингда қайд этилишича, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг қудратли армияга эга. Рейтингда Қозоғистон 61, Туркманистон 86, Қирғизистон 93, Тожикистон 99-ўринни эгаллади.

Жаҳондаги энг қудратли армига эга давлатлар учлигидан эса АҚШ, Россия ва Хитой ўрин олган.

Global Firepower Index порталининг билдиришича, давлатлар рейтинги ҳарбийлар сони, техник жиҳозланиш, молиялаштирилиш каби 50 ка яқин омиллардан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Ўзбекистоннинг йиллик ҳарбий бюджети 70 миллион долларни ташкил қилади.

Бундан беш йил аввал -2016 йилда Ўзбекистон Global Firepower Index рейтингида 126 давлат ўртасида 54-ўринда бўлган. 2017 йилда 48-ўринни, 2018 йилда 39-ўринни эгаллаган бўлса 2019 йилга келиб яна рўйҳатдан пастлай бошлаган. Шу йили 48-ўринни эгаллаган армиямиз ўтган йилга келиб яна 52-ўринга тушиб қолган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатишга яроқли кадрларнинг умумий сони 13,3 миллион кишини ташкил этади. Ҳар йили ҳарбий хизматга чақирилувчилар сафига 601 минг киши қўшилади. Айни пайтда Ўзбекистон Қуролли Кучларида 50 минг киши хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларида жами самолётлар сони 185 тани ташкил этади. Улардан 66 таси қирувчи самолётлар, 20 таси ҳаводан зарба берувчи самолётлар, 18 таси ҳарбий транспорт самолётлари, 2 таси ўқув самолётлари, шунингдек, 79 та вертолётлар мавжуд.

Ўзбекистонда жами 420 та танк, 1215 та бронетранспортёр, пиёда аскарларнинг жанговар машиналари ва бошқалар, 137 та ўзиюрар артиллерия қурилмалари ва 98 та кўп ракета тизимидан фойдаланилмоқда.