Соғлом турмуш тарзи платформаси учун қўшимча маблағ ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида юрак қон-томир касалликлари олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида кардиология хизмати бўйича қатор янгиланишлар бўлиши эълон қилинди.

Кардиология маркази фаолияти ҳам бутунлай ўзгариши керак, – деди давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида.

Бунда:

– кардиология марказида 15 дан зиёд юқори технологик амалиёт йўлга қўйилади;

– Кардиология маркази Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир касалликлари жарроҳлик маркази ва Германиянинг Шарите университети каби нуфузли тиббиёт ташкилотларида йилига 30 тадан шифокор малакасини оширишни таъминлайди. Ушбу харажатлар бюджетдан қоплаб берилади;

– марказга превентив кардиология, нур ёрдамида диагностика каби йўналишларда янги илмий-тадқиқотлар учун замонавий лабораториялар ташкил этилади.

– марказ клиникаси фаолияти кўп тармоқли шаклга ўтказилади.

Шунингдек, президент юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда энг муҳим омил соғлом турмуш тарзига амал қилиш эканига алоҳида эътибор қаратди.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ҳар йили энг намунали маҳаллалар танлаб олиниб, уларда замонавий фитнес кўчаларини барпо этиш учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Вилоят ҳокимларига иккитадан, туман ва шаҳар ҳокимларига биттадан намунали маҳаллада шундай ишларни ташкил қилиш топширилди.

“Соғлом турмуш тарзи” платформасидан фойдаланувчилар бугунги кунда 600 минг нафарга етди, уларга пиёда юргани учун 18 миллиард сўм тўлаб берилди. Молия вазирлигига келгуси йилда бу борадаги тарғибот ишларини кучайтариш ва платформадан фойдаланувчилар кўламини янада кенгайтиришга қўшимча 60 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилган.

1hls.uz иловасида пиёда юрилганини аниқловчи механизм кўриб чиқилади

Қарорга кўра, «Соғлом турмуш тарзи» платформаси 2022-йил 1-январгача такомиллаштирилади. Унда масофа пиёда босиб ўтилганини тасдиқловчи механизмлар қайта кўриб чиқилади.

Олдинроқ, 1hls.uz иловасидан пул ишлаш учун телефонини вентиляторга боғлаб қўйиб, қадамларни орттириб кўрсатиш ҳолатлари аниқланаётгани маълум қилинганди.