ССВ вазири яна ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутатлари Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Мусаев Бехзод Анваровични тасдиқлаш масаласини кўриб чиқиб, маъқуллаш бўйича қарор қабул қилдилар.

Бехзод Мусаев ҳақидаги маълумотларда келтирилишича, 1995-йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2004-йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Олий бизнес мактабини бизнес менежменти мутахассислиги бўйича тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1995-йилда Ўзбекистон Миллий банкида бошлаган. 1998-йилдан 2002-йилгача Молия вазирлигида иш олиб борган ва бўлим бошлиғидан бош бўлим бошлиғигача лавозимга кўтарилган. Кейинчалик Ҳисоб палатасида (2002-2010-йиллар), ундан сўнг (2010-йилдан) Давлат солиқ қўмитасида турли лавозимларда ишлаган. 2018-йил майдан 2020-йил майгача Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган.

2020-йил 14-майдан бошлаб шу кунгача Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Иқтисодий соҳадан кескин тиббий соҳага бурилишлар сабаби номаълум.

Республикада бундан ташқари аввал ҳам Мусулмонлар идораси раиси муовини этиб собиқ ДХХ ходими тайинланган, кейинроқ иқтисодий жиноятлари сабаб вазифасидан олинган эди.

Олдин, ССВ Алишер Шодмонов соғлиги ёмонлашган вақтида ҳам Б. Мусаев вазир лавозимини вақтинча бажариб турган эди.

Аввалроқ Навоий вилояти ҳокими ўзгарганлиги ҳамда собиқ ҳокимнинг ишдан кетишига нима сабаб бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

.