Отаси ташлаб кетгани сабаб ўзининг ёш қизларига зулм ўтказиб келган онага нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Жорий йилнинг 29 март куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли тумани Янгиҳаёт кўчасида яшовчи фуқаро А.А. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган.

Аризада айтилишича, 2021 йил июль ойларидан бошлаб турмуш ўртоғи бўлган Х.Ф. билан ўрталаридаги ўзаро келишмовчилик сабабли, Х.Ф. ўзининг икки нафар вояга етмаган қизларини уриб, уларга азоб бериб келаётганлигини, шу сабабли Х.Ф.га нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам беришни сўраган, дейилади ИИВ матбуот котиби хабарида.

Аёлнинг сўзларига кўра, қизларнинг отаси уларни ташлаб кетган. Шу сабабли улар ҳеч кимга кераги йўқлиги, сўйиб ташласа ҳам, биров сўраб келмаслиги таъкидланади.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 9 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирда, фуқаро Х.Ф. томонидан ўзининг вояга етмаган фарзандлари 2017 й.т. Х.Ш.ни ҳамда 2019 й.т. Х.А.ни ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлаб, уларнинг ожиз аҳволдалигини била туриб, дўппослаётганлиги тасвирланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Х.Ф.га нисбатан процессуал чеклов чора белгилаш масаласи кўрилмоқда.