Қиш кунларида бойчечак қулоқ ёйганини кўрган инсон бирдан қалин қор ёғиши-ю, вужудини аёз чақишидан довдираб қолиши аниқ. Шундай кунларнинг бирида дўстим Мақсуднинг шошганча бошлиғи хонасидан чиқиб келиши диққатимни тортди. Қўл телефонида алланималарни ҳовлиқиб гапириши, бармоғи билан пешанасини ишқаганча томоғига нимадир тиқилгандек ютинаверганидан билдимки, нимадир бўлган. Унинг мана бу гапидан барини тушуниб олдим.
“Ака, қанақасига ахир. Эрталаб ўзим дадам билан гаплашдим, яхши эдиларку?”.
Хуллас, ҳар қанча уринмай, дўстларим билан бирга жанозага бора олмадим. Дўстимга ҳардард бўлиб: “Дўстим, сабр қил. “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” (Биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтувчимиз.) — дея дардкаш бўла олмаётганимни ҳис этдим. Хона деворлари қисиб келаётгандек. Ишхонага вазиятни тушунтириб “Тошработ-Навоий” йўналишдаги автобекатга етиб келдим. Хаёлимда бир муддао. “Тобут кўтариш насиб этсин, илоҳим!”
Аксига олиб, Тошработ қирликда жойлашмаганми, йўл сирпанчиқлигидан енгил машина келавермади. Одамларнинг тирбандлигини кўрган бир микроавтобус ҳайдовчиси гарчи Навбаҳор йўналишида ҳаракат қилсада нақд мижозларни кўриб Тошработгача олиб боришга рози бўлди. Машинага ўтирдик. Хаёлимда бир ният “Тобут кўтариш насиб этсин, илоҳим!”.
Надоматки, ҳайдовчи қалин қор ёққани сабаб Тошработгача боролмаслиги рўкач қилди-ю, адирлик четида ташлаб кетди. Ўртоқларимга қўнғироқ қилсам, яқин тепаликдаги мозорга қараб боришим лозимлиги, улар шу томонга юк машинасида келаётганини айтиб қолишди. Оёғимдан совуқ ўтиб, ниҳоят кўринган машинани тўхтатдим. Ҳайдовчига шу яқин атрофда қабристон борлиги ҳақида оғич очишим наф бермади. Чунки у ҳам мендек бу ерлик эмас экан. Йўлда мозор учраса тушиб қолишга келишдик. Қани энди мозор кўринса? Нима кўп тепалик кўп. Нима кўп қир кўп. Узоқдан бир ёзувга кўзим тушди. Қувониб кетдим. Қабристон ёзуви бўлса керак. Таассуфки, “Хуш келибсиз Навбаҳор тумани”га ёзувидан эсанкираб қолдим.. Афсус. 4 кмдан сўнг Навоий шаҳри. Тошработдан чиқиб кетибман.
Қалбимга қулоқ солдим. Юрагим ва имоним жанг қиляпти. Нафс: тақдирга тан бер. Аза уч кун. Тобут кўтаришинг шартми, чўнтагингда пул ҳам қолмади. Имон: “Ҳар нарсанинг ижобати ниятга боғлиқ, сўраганни қуруқ қолдирмаган. Ўзимга-ўзим бугун ўзим учун илоҳий бир ҳақиқатни кашф этишим мумкиндек туюлди. Танишимдан қарз олиб яна “Тошработ-Навоий” йўналишдаги автобекатга етиб олдим. Тошработлик ҳайдовчи жаноза чиққан уйгача олиб боришга рози бўлди. Жанозадан кечикканлигимни билсамда такрорлайвердим. “Тобут кўтариш насиб этсин, илоҳим!”.
Лой кўчалардан кечиб дўстимнинг уйига етиб олдим. Елкамни тутиб ҳамдардлигимни билдирдим. Сабру жамил тилаб орқамга қайтдим. Узоқдан бир оловранг “Москвич-412” тепасида мебель ортиб олган лўкиллаб келяпти. Мебелми ё шкаф? Нима фарқи бор? Ичимда кулиб, сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига иборасини эсладим. Тошработ марказигача келишиб, секин кабинага чиқдим. Ўйлаб кетяпман: Тобут кўтариш насиб этсин, илоҳим!”. Ўзимдан хафа бўлдим. Қанақа тобут кўтариш? Ахир жанозадан кечикдимку?
Ҳайдовчи: “Укам, жим кетяпсиз, меҳмонмисиз дейман.”
Мен: “Ҳа ака меҳмонман. Таъзияга келгандим.”.
Очиғи у одамнинг узуқ-юлуқ гапириши энсамни қотирди. Ўзи музлаб борай деяпман. Қайтиб гапирмадим.
Ҳайдовчи: “Исмим Мурод. Мана шу маҳалланинг яхши-ёмон кунида беминнат хизмат қиламан. Савоб учун. Онамга ваъда берганман. Ука бир савоб иш қилинг. Четда тўхтайман. Тепадаги отни тушириб хилхонасига қўяйлик.” Товба. Қанақа от. Бу одам қизиқчими?
Бир пайт зиёратгоҳ олдида тўхтадик.
Тепага қарадим-у, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдим. Томоғимга нимадир тиқилиб, кўзларим тиниб кетди. Ушбу жумлани эшитгач ўзим учун илоҳий бир ҳақиқатни кафш этгандек бўлдим.
Ҳайдовчи: “Ука, тинчликми? Кўтаринг. Бугун таъзияга хизмат қилган тўрт оёқли чўпли от мана шу. Уни охирги манзили-хилхонасига сиз қўйяпсиз. Тобутни охирги кўтарган сиз бўласиз!”
Жонибек Шуҳратов